Ўзбекистонлик муҳожир аёл ўлдирилиши оқибатида Туркияда минглаб аёллар тинч намойиш билан кўчага чиқди
Истанбулнинг Шишли туманида 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимованинг жасади чиқинди қутисида топилиши Туркияда кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Ҳодиса ортидан ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар гумонланувчиларни қўлга олди, шу билан бирга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар Истанбул ва Анқара кўчаларида тинч намойишлар ўтказди.
Бу фожиа Туркияда жамиятни ларзага солди. Минглаб аёллар кўчаларга чиқди. «Эркаклар зўравонлиги тўхтатилсин», «Аёллар учун адолат талаб қиламиз», «Муҳожир аёллар ёлғиз эмас» деган шиорлар янгради. Фақат Истанбулнинг ўзида 1000 дан ортиқ инсон норозилик маршида иштирок этди. Анқарада ҳам юзлаб одамлар йиғилди.
Намойиш иштирокчилари зўравонликка қарши курашиш, аёллар хавфсизлигини таъминлаш ва бундай жиноятларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратишни талаб қилди.