Ўзбекистон–Тожикистон савдо, логистика ва тиббиёт маркази барпо этилмоқда
Президентимиз ташаббуси билан “Жартепа” чегара божхона постига туташ ҳудудда йирик халқаро аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон–Тожикистон савдо, логистика ва тиббиёт марказини ташкил этиш ишлари давом этмоқда.
Мазкур лойиҳа икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, савдо айланмасини кенгайтириш ҳамда аҳоли учун қулай инфратузилмани шакллантиришга хизмат қилади.
Умумий майдони 10 гектарни ташкил этувчи мазкур йирик лойиҳанинг қиймати 10 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда. Марказ ҳудудида 400 та савдо нуқтаси ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бу ерда 1000 нафарга яқин фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади. Бу эса нафақат ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиради, балки аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, марказ фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг йиллик экспорт ҳажми 700–800 минг АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич ҳудуднинг ташқи савдо имкониятларини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.