“Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузурида жамоатчилик кенгаши ташкил этилади
Кеча “Ўзбеккино” миллий агентлигида жамоатчилик кенгашини ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда таъкидланишича, ушбу жамоатчилик кенгаши агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини шаффоф ва очиқлик тамойиллари асосида ташкил этиш, коррупцияга қарши курашни самарали олиб бориш, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг тўғри сарфланишини назорат қилади.
– Киноижодкорлар билан доимий равишда ҳамкорликда иш олиб боришни мақсад қилганмиз, - деди “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. - Чунки тизимда янгича, фойдали ислоҳотларни амалга ошириш лозим. Бундан кейин ушбу кенгаш орқали “Ўзбеккино”да бўлаётган барча ишлар халқимизга очиқ, шаффоф тарзда етказилади. Фаолиятимиз борасида билдирилган таклифлар ўртоқлашилади, камчиликлар тузатилади. Харажатларнинг нималарга сарфланаётгани халқимизга очиқ айтилади. Кенгаш аъзолари орасида ёш кинорежиссёрлар, продюсерлар, рассомлар ва бошқа киноижодкорларнинг бўлиши ишнинг самарадорлигини оширади. Кенгашга аъзо бўлган кино ижодкорларга алоҳида ваколатлар беришни ўйлаяпмиз. Кенгаш аъзолари ва киноижодкорлар мунтазам йиғилиб туришимиз зарур. Муҳими, ҳар биримиз вазифамизни тўғри англаб, масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳалол, шаффоф тарзда ишлашимиз керак.
Жамоатчилик кенгаши зиммасига агентлик ва унинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, агентликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш каби вазифалар ҳам белгиланди.
Барно ЎНГБОЕВА.