“Ўзбекнефтгаз“ “заправкалари“даги ёқилғи нархини пасайтирди
“Ўзбекнефтгаз“ АЖ UNG миллий бренди остидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғида АИ-92 маркали бензин ва Европа стандартларига жавоб берувчи дизель ёқилғиси сотувини йўлга қўйганлиги ҳақида аввал хабар берилган эди.
Айни пайтда пойтахт ва Тошкент вилоятида, Наманган, Фарғона, Андижон, Гулистон, Жиззах, Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги 45 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларида юқори сифатли нефт маҳсулотларининг сотуви йўлга қўйилган.
1 мартдан бошлаб ушбу АЁҚШлардаги дизель ёқилғисининг нархи 7500 сўмдан 7300 сўмга пасайтирилди. Бу ҳақда АЖ матбуот хизмати хабар берди.
— Одатда, нарх талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат нуқтасида белгиланади, — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли “UNG Petro” МЧЖ директори Мирзоҳид Мусаев. — Маҳсулот нархини пасайтириш талабни оширади ва таклифни камайтиради. Бундан ташқари истеъмолчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, биржада дизель ёқилғисини сотиб олиш харажатлари камайгани муносабати билан дизель ёқилғисининг нархи камайтирилди. Бу билан ушбу маҳсулотни сотиш ҳажмини оширишга эришамиз.
Нархлар масаласида шуни таъкидлаш керакки, “Ўзбекнефтгаз” ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи орқали сотиладиган дизель ёқилғисининг нархи хорижий компаниялар томонидан сотиладиган дизель ёқилғиси нархидан 9%, АИ-92 маркали бензин нархидан эса 14% арзондир.
Корхона яқин кунларда юқори сифатли Аи-95 маркали бензинни аҳолига сотишни режалаштирмоқда.
“АЁҚШларда сотилаётган маҳсулот турлари, уларнинг нархлари ҳамда жойлашган манзиллари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотларни @UNG_Petro_Bot телеграм канали орқали олишингиз мумкин“ дейилади хабарда.