Ўзбекнинг овозига эътироф бу

Пахтачилик шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўлмас Самарқандийнинг БМТга ёзган "Тинчитиб бер бизга дунёни" шеърини иштиёқ ва ҳарорат билан тингладим ва  ўқидим.

Ўйлайманки, бу ўз вақтида ёзилган. Буни бемалол ижодкорнинг маънавий жасорати, деб баҳоласак бўлади. Негаки, БМТ қонуний жиҳатдан қарасак, аслида мамлакатлар ўртасидаги келишмовчилик ва низоларнинг олдини олиш, мабодо бундай ҳол юзага келса, аъзо давлатлар иштирокида уларни бартараф этиш учун ташкил этилган. Минг афсуски, ҳозирги  пайтда бу катта ташкилотнинг салоҳияти етарли даражада сезилмаяпти.

Бундан анча йиллар аввал Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг "Инсон ўзинг" номли шеърининг бир неча тилларда куйланиши халқаро жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинган. Чунки улуғ шоиримиз ушбу шеърида ҳазрати инсон қалбини баланд руҳда васф этган. Минг афсуски, биз Эркин аканинг бу шеърини ўз вақтида инглиз тилига ўгириб, жаҳон саҳнасига олиб чиқмадик. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповда ҳам шу руҳдаги шеърлар бор.

Тинчликни исташ, барқарор тинчликни сақлаш, унинг қадрига етиш азал-азалдан халқимизда энг савоб иш саналган. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўз тасарруфидаги мамлакатларда ана шу тинчликни сақлай олган. Шу сабабли ҳам ўша даврда Мавороуннаҳрда маънавият ва маърифат ривожланган.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ҳам халқаро майдонда тинчликпарвар Президент сифатида эътироф этилмоқда. Буни биз турли давлатларда бўлаётган нуфузли халқаро анжуманларда кўриб, эшитиб турибмиз. Айниқса, Самарқанднинг ҳозирги даврда жуда кўп халқаро масалалар, муаммолар муҳокама этиладиган маскан бўлаётганлиги ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг обрўсини кўрсатиб турибди.

Президентимизнинг БМТ минбарида ўзбек тилида сўзлаган нутқи халқимизга ғурур бериш баробарида, халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган ҳурмат, эътибори ошганди. Агар мана шу шеър ҳам БМТ минбаридан янграса, нур устига аъло нур бўларди.

Ўлмас Самарқандийнинг бу шеъри ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Бу - Ўзбекистон овози, бу - ўзбек халқининг овози.

Дарвоқе, ҳар бир ижодкор ҳам БМТга бундай шеърий талаб билан чиқа олмайди. Асар мазмунида замонанинг бугунги ҳалокатли ҳолатлари маҳорат билан очиб берилган. Ижтимоий тармоқда бу шеърга жуда кўп ва жуда хўп муносабатлар билдирилди. Назаримда, бу ҳолатга бефарқ турмаслигимиз керак. Токи, ҳар бир ижодкор, ҳар бир зиёли жаҳон оммасига Ўзбекистон халқининг қалб нидосини етказишни шараф деб билсин.

Энг аввало, бу шеърни турли тилларга, хусусан, инглиз тилига  таржима қилиб, халқаро ташкилотларга, биринчи навбатда, БМТга юбориш керак. Чунки бу тинчлик ва тараққиёт сари йўл тутган миллатнинг овози, муддаоси. Давлатимиз раҳбарининг умуммиллий таклифлари каби халқимизнинг овозини ҳам бутун дунё эшитсин!

Яқинда шоирнинг ушбу шеъри Украина Олий таълим вазирлиги ҳамда Жаҳон қаламкашлари Иттифоқи томонидан Гран-при мукофотига муносиб кўрилди. Ўйлаймизки, “Тинчитиб бер, бизга дунёни” шеъри янада юксакроқ эътирофлар ва мукофотга муносиб.

Мавжуда РАЖАБОВА,

ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор, фахрий сенатор.