“Ўзимиз келдик" акцияси туфайли 50 киши муаммосини маҳалласида туриб ҳал этди
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан Паст Дарғом туманининг Чархин маҳалласида “Ўзимиз келдик” акцияси ташкил этилди.
Акция доирасида дастлаб фуқароларга жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб давлат идоралари томонидан аҳолидан талаб қилиш бекор қилинаётган ҳужжат ва маълумотномалар тўғрисида маълумот берилди.
Сўнгра аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Хусусан, акция давомида маҳалла аҳолисидан 50 дан ортиқ мурожаат бўлди. Уларнинг аксарият қисмини кадастр паспортини шакллантириш, кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, болаларни боғчага жойлаштириш, туғилганлик гувоҳномаларини расмийлаштириш, қонуний никоҳдан ўтиш каби масалалар ташкил қилди.
Жумладан, З.Шукуров кадастр паспортини шакллантириш масаласида мурожаат қилди. Ушбу фуқаронинг аризаси рўйхатга олинди ва тез кунда ҳал этилиши белгиланди. Шунингдек, М.Хидирова фарзандининг туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштиришда муаммолар келиб чиқаётганини маълум қилди. Паст Дарғом туман 1-сон ФҲДЁ бўлими томонидан бу мурожаат жойида кўриб чиқилиб, ҳал этилди.
— Узоғимизни яқин қилиб, маҳалламизга ўзлари келиб хизмат кўрсатаётганидан мамнунмиз, — дейди шу маҳаллада яшовчи С.Дўсанова. — Очиғи, туман марказига бориш учун ҳеч бўлмаганда 20-30 минг сўм сарф қилишимизга тўғри келади. Бу каби сайёр хизматлар натижасида ҳам вақтимиз, ҳам нақдимиз тежаляпти. Муҳими, ўзимиз хоҳлаган давлат хизматларини кўчамиздан нари чиқмаган ҳолда олдик.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.