O’zLiDeP тазйиқ, зўравонликка учраган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилди

O’zLiDeP “Аёллар қаноти”, Самарқанд вилоят реабилитация ва вилоят хотин-қизларининг тадбиркорлик марказлари ҳамкорлигида Қўшработ, Оқдарё ва Каттақўрғон туманларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “O’zLiDeP 17 ёшда - 17 минг оилага саховат ва кўмак” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда жамиятда аёллар мавқеини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимояси, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ва тазйиқ, зўравонликдан ҳимоялаш, "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қисқа ўқув курсларига жалб қилиш баробарида улар бандлигини таъминлаш эътибор марказида бўлди.

Тарғибот тадбирларида хотин-қизларни қийнаб келаётган муаммолар атрофлича ўрганилди. Ўрганиш жараёнида ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи бўлган ишсиз хотин-қизлар аниқланиб, "Аёллар дафтари"га киритиш бўйича таклифлар берилди ва улар билан тизимли, манзилли ишлар йўлга қўйилиши борасида соҳалар масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, учрашувлар чоғида аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, "Аёллар дафтари"га киритилган ва бугунги кунда тазйиқ, зўравонликка учраган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида соҳа ходимлари билан бирга хонадонларга ташриф буюрилиб, иккита низоли оила яраштирилди ва бир нафар аёлга ҳимоя ордери берилди.

O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши матбуот хизмати.