Панжикентдаги Наврўз тантаналарида Самарқанд вилояти вакиллари иштирок этди

Самарқанд вилояти вакиллари 28 март куни Панжикент шаҳрида ўтказилган байрам тантаналарида иштирок этди.

Маросимда қатнашган Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўз табрик сўзида кейинги пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг март ойи бошида ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи ҳамкорлик алоқаларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб берди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ўтказиш пунктларининг очилиши, фуқароларнинг ўтиб-қайтишлари учун яратилган енгиллик ва қулайликлар туфайли бугун минглаб юртдошларимиз ва тожикистонликлар ўз яқинлари, дўсту биродарлариникига эмин-эркин бориб келмоқда.

Байрам тадбиридан сўнг Тожикистон Республикаси Президенти Самарқанд вилояти вакилларини қабул қилиб, уларни байрам билан табриклади. Ўзбекистон Президенти ва халқига ўзининг самимий тилакларини билдирди.