Парижда яшаган Темурийзода Ватанига нега келолмаган?

1992 йилнинг ёзида илк марта Парижга халқаро илмий конференцияга қатнашиш учун борганман. Самарқанд тарихи ва маданиятига бағишланган ушбу конференция ЮНЕСКО қароргоҳида бўлиб ўтганди.

Анжуман кунлари француз ҳамкорларимиздан бири, профессор Франц Грене:

• Парижда Темур ва темурийлар тарихи ҳамда маданияти билан шуғулланувчиларнинг бирлашмаси борлигини эшитганмисиз? – деб сўраб қолди.

• Йўқ, – деб жавоб бердим.

• Агар хоҳласангиз мен сизни ассоциация раҳбарлари билан таништираман, - деди Франц.

- Яхши бўларди, - дедим.

Орадан бир кун ўтгач, Франц билан ассоциациянинг бош котибаси Фредерик Брессанд хонимнинг уйига бордик. Бу ерда бизни бир неча киши кутиб турарди. Улар билан танишдик. Шу ерда биринчи марта темурийлар ассоциацияси президенти, профессор Люсьен Керэн билан танишдим. Профессорнинг Ўзбекистонга ва Амир Темурга чуқур, самимий ҳурмати бор экан. Ўша куни алламаҳалгача суҳбатлашдик, суҳбат орасида профессор Люсьен Керэн мендан   «Парижда яшаган темурийзода Исломбек Худоёрхон ҳақида эшитганмисиз, деб сўради. Мен “йўқ” жавобини бергач, профессор “Эртага сизни Исломбек Худоёрхон дафн қилинган қабристонга олиб борамиз”, деди.

Эртаси Люсьен Керэн, Фредерик Брессанд хоним бирга Париждаги машҳур Пьер ла Шез қабристонига бордик. Бу катта ва қадимий қабристонда Франциянинг машҳур инсонлари абадий уйқуда ётишибди. Қабристонга зиёратга келувчилар қийналмасликлари учун кириш эшиги олдида қабрларнинг жойлашиши ҳақида маълумот берилган. Маълумотнома билан танишиб, қабристон маркази томон юрдик. Марказда баландлиги тахминан уч метрлар бўлган девор бор эди. Биз деворнинг олдига келиб тўхтадик. Деворда махсус идишларни ўрнатиш учун тўртбурчак кавакчалар ясалганди. Исломбек Худоёрхон ва унинг рафиқаси Александра Худоёрхонларнинг хоклари девордаги кавакларга ўрнатилган экан. Кавакларнинг пастига француз тилида “Исломбек Худоёрхон (1889-1983)” ва “Александра Худоёрхон (1894-1972)” сўзлари битилган. Девор ёнига тиз чўкиб, икки ватандошимнинг руҳи-покларига бағишлаб Қуръон тиловат қилдим.

Кейинги учрашувимизда Люсьен Керэн Исломбек Худоёрхон ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди ва Исломбекнинг бир суратини, бир нечта хатларининг нусхаларини совға қилди:

• Ўзбекистонга борганингизда албатта, жаноб Исломбек ҳақида мақолалар ёзинг. Ўзбек халқи ўзининг бундай машҳур ва фидойи ўғли ҳақида албатта билиши керак, – деди.

Ўзбекистонда Исломбек Худоёрхон ҳақидаги маъқолаларим матбуот орқали эълон қилингач, у кишининг жиянлари Темурбек Худоёрхонов ва Музаффархон Ҳайдаров ҳам қўқонлик таниқли, фидойи олим, профессор Шариф Юсуповлар билан танишиб суҳбатлашдим. Исломбек Худоёрхон ҳақидаги маълумотларим аста-секин йиғилиб, йирик бир мақолага етарли даражага етди. Қуйида ўша маълумотларнинг айримларини сизга таништирмоқчиман.

Парижда яшаган темурийзода Исломбек Худоёрхон Тошкент шаҳридаги Қашқар маҳалласида, Қўқон хони Худоёрхоннинг иккинчи ўғли Муҳаммад Аминбекхон хонадонида таваллуд топган. Муҳаммад Аминбек мустақил Қўқон хонлиги Россия империяси томонидан ағдарилиб, унинг ўрнига Туркистон генерал-губернаторлигига қарам Фарғона вилояти ташкил этилганидан сўнг 1876 йили Қўқондан Тошкентга кўчиб келиб, бу ерда ҳовли жой сотиб олади.

Қўқон хонлиги билан Россия империяси ўртасида имзоланган тинчлик шартномаси бўлишига қарамай, Оқ подшо маъмурияти ҳар хил найранглар ва баҳоналар билан Қўқон хонлигини йўқ қилишга эришади. Император Александир II фармонига кўра, хонлик ўрнида Россия империясига қарам Фарғона вилояти тузилади.

Марҳум, профессор Шариф Юсуповнинг аниқлашича, Исломбек дастлаб етти йил Оренбургда, икки йил Москвада ўқийди. Россияда Октябрь тўнтариши содир бўлганида Исломбек йигирма саккиз ёшда эди. Хоннинг набираси, бунинг устига Оқ подшо тизимидаги ҳарбий ўқув юртини тугатган Исломбек учун Туркистонда қолиш жуда хавфли эди. Шу сабаб у хорижга кетишга қарор қилади. Исломбекнинг қай тарзда Парижга бориб, у ердаги Афғонистон элчихонасида иш бошлагани тўғрисида аниқ маълумотлар сақланмаган. Ш.Юсуповнинг ёзишича, Исломбек Афғонистон ҳукумати номидан Франция ва Швейцарияда элчихоналар ташкил этиб, қарийб эллик йил давомида дипломатия соҳасида меҳнат қилган. Шунингдек, домла Исломбекни Францияга Москва орқали чиқиб кетганлигини таъкидлайди.

Исломбек Франциядаги Афғонистон элчихонасида ишлаган пайтида кўплаб туркистонлик муҳожирларга амалий ёрдам беради.

Туркистон озодлиги йўлида катта ишларни амалга оширган Аҳмад Закий Валидий Туғон ўз хотираларида 1923 йили Парижда Исломбек билан учрашганлигини, ундан кўп яхшиликлар кўрганини ёзади.

Исломбек Худоёрхон ХХ асрнинг 50 йиллари француз олими Люсьен Керэн билан танишгач, улар ўртасида узоқ муддатли дўстлик пайдо бўлади. Айниқса, Люсьен Керэннинг Амир Темур ва темурийлар тарихи билан қизиқиши бу дўстликни янада мустаҳкамлайди.

Люсьен Керэннинг айтишича, у киши ўтган асрнинг 60-йилларида СССРга илмий сафарга келади. Француз олимлари, Ўзбекистондаги Мирзачўлни ўзлаштириш тажрибаси билан қизиқади. Люсьен Керэн сафарга жўнашидан олдин Исломбек билан учрашади. Исломбек унга янги фотоаппарат ва бир нечта плёнкалар бериб Ўзбекистондаги Амир Темур ва темурийлар билан боғлиқ барча нарсаларни расмга олишни сўрайди. Ўзбекистонга келган Люсьен Керэн Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида бўлиб, бу шаҳарлардаги ёдгорликларни суратга олади. Парижга келиб барча плёнкалардаги кадрларни қоғозга ишлатади ва Исломбекка беради. Исломбек ҳар бир суратни диққат билан томоша қилар экан, Люсьен Керэнга қараб:

• Кўрдингизми, менинг аждодларим қандай буюк цивилизация яратганлар. Афсуски, буларни ўз кўзим билан кўриш ҳуқуқидан маҳрумман – дейди кўзларида ёш тўлиб.

Исломбек Худоёрхоннинг дипломатия соҳасидаги хизматлари Франция, Швейцария ва Афғонистон ҳукуматлари томонидан юксак қадрланган. У Франциянинг юксак мукофоти “Фахрий легион”, Афғонистоннинг “Вафо нишони” (Афғонистонда бундай орденнинг биринчиси подшо Омонуллохонга, иккинчиси Исломбек Худоёрхонгагина насиб этган, холос) орденларига, Швейцариянинг хорижликларга бериладиган юксак мукофотларига сазовор бўлган.

1972 йили Исломбекнинг хотини Александра хоним вафот этади. Уларнинг фарзандлари йўқ эди. Шу сабабли Исломбек ёлғизланиб қолади. У киши элчихонада ишлаб юрганида бир неча ёш афғон йигитларига оталик қилиб уларни тарбиялаган, Францияда ўқитган эди. Тахминларга кўра, Исломбек жаноблари Афғонистоннинг бўлажак подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршохни Францияда тарбия қилган. У кишининг яна бир тутинган ўғли, доктор Акром жаноблари ҳам Исломбекнинг тарбиясини олиб, моҳир элчи бўлиб етишади ва узоқ йиллар мобайнида Афғонистоннинг Франциядаги элчихонасини бошқаради.

Парижда навбатдаги илмий сафарда бўлганимда Исломбек Худоёрхон ҳақида бирор бир янги маълумот олиш мақсадида Фредерик Брессанд хоним билан Афғонистон элчихонасига бордик. Афсуски, элчихона ёпиқ экан. Бу ерда биргина қоровул бўлиб, у элчихона анча вақтдан буён ёпиқ эканлигини, элчи доктор Акрам оиласи билан Америкага доимий яшаш учун кўчиб кетганлигини айтди.

Ёлғизланиб қолган Исломбек жаноблари бир неча марта СССР элчихонасига мурожаат қилиб, ўз Ватани – Ўзбекистонга боришга рухсат беришларини сўрайди. Аммо ҳар доимгидек рад жавобини олади. Она юртига қайтиш умидидан жудо бўлган Исломбек Швейцарияга боришга қарор қилади. Бу ердаги Монтре шаҳарчасидаги Валмонт қариялар уйига жойлашиб, то умрининг охиригача, яъни 1983 йилгача шу ерда яшайди. Васиятига биноан унинг хокини Парижга келтиришиб, хотинининг ёнига, Пьер ла Шез қабристонига дафн этадилар.

Исломбек Худоёрхоннинг ўлимидан олдин дўсти, профессор Люсьен Керэнга ёзган мактубини ўқир эканман, унда Исломбекнинг Ватанига, сингилларига ва жиянларига бўлган соғинчи, Ватанини бир бор кўриш насиб этмай мусофирликда жон бераётгани учун ўкинч ҳислари баён этилганига гувоҳ бўлдим. ХХ аср халқаро дипломатиясида ёрқин из қолдирган, Шарқ ва Ғарб мамлакатлари ўртасидаги сиёсий ва маданий алоқаларга мустаҳкам кўприк қурган улуғ ватандошимиз, Исломбек Худоёрхон билан ҳақли равишда фахрланишимиз лозим.

Амриддин БЕРДИМУРОДОВ,

тарих фанлари номзоди.