Пахта-тўқимачилик кластерлари учун янги талаблар белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 июнда “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти баҳоланади. Илм-фан ютуқлари ва янгиликларини жорий этиш бўйича илмий марказларнинг намунавий тузилмаси, инновациялар, янгиликларни жорий этиш бўйича илмий марказлар ташкил этилади. Мазкур қарор асосида Самарқанд вилоятида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ҳам ишлаб чиқилди.

Қарор асосида пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини баҳолаш бўйича вилоят ишчи гуруҳи тасдиқланди. Шунингдек, 2020-2021 йилларда пахта тозалаш заводларини модернизация қилиш ва янги қувватларни ишга тушириш, ип-йигирув, матони тўқиш ва бўяш, чигитни қайта ишлаш, тикувчилик ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, агрологистика ва чорвачилик комплексларини ташкил этиш, сув тежайдиган технологиялар, қишлоқ хўжалик техникалари харид қилиш бўйича пахта-тўқимачилик кластерларининг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Қарор асосида вилоятдаги “Мaroqand sifat” ва “Мaroqand sifat tekstil” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан инновациялар, илм-фан ютуқлари ва янгиликларини жорий этиш бўйича илмий марказлар ташкил этилади.

Хомашёни қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш қувватларининг мавжудлиги, ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари, экспорт кўрсаткичлари, сифат тизимларининг жорий этилганлиги, юқори унумли қишлоқ хўжалик техникалари, томчилатиб, ёмғирлатиб ва бошқа илғор сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилганлигига кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини баҳолаш рейтинг баллари тақдим этилади.