Бахтсиз ҳодисалардан хулоса: масъулият ва назорат оширилади
Кейинги вақтларда электр таъминоти тизимида юз берган бахтсиз ҳодисалар жамоатчилик орасида ҳақли саволларни келтириб чиқармоқда.
Жумладан, 2026 йил 31 март куни Иштихон туманида электромонтёр Н.Акрамов билан содир бўлган жароҳатланиш ҳолати, шунингдек, 2025 йил 30 декабрь куни Қўшработ туманида электромонтёр С.Дўстмуродовнинг вафоти билан якунланган бахтсиз ҳодиса тизимда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига риоя этилиши даражасини жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида ҳар икки бахтсиз ҳодисанинг асосий сабаблари сифатида белгиланган тартиб-қоидаларга тўлиқ амал қилинмагани ҳамда айрим ходимлар томонидан ўзбошимчаликка йўл қўйилгани аниқланди.
Шу билан бирга, жойларда мунтазам равишда олиб борилаётган тушунтириш ишлари, техника хавфсизлиги бўйича ташкил этилаётган тадбирлар, ўқув машғулотлари ва назорат чораларига қарамасдан, айрим ходимлар томонидан белгиланган тартибларни менсимаслик, хавфсизлик қоидаларини бузиш ва ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳануз учраб турибди.
Бундан ташқари, айрим масъул шахслар томонидан иш жараёнларини тўғри ташкил этиш, самарали назорат ўрнатиш ҳамда хавфсизлик талабларига қатъий риоя эттириш борасида етарли чоралар кўрилмагани ҳам аниқланди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан хизмат текширувлари ўтказилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Шу билан бирга, келгусида бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Алишер Муталибов,
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Самарқанд ҳудудий филиали мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати бошлиғи.