Пайариқда гўшт арзонлашди. Аммо қолган маҳсулотлар савдоси қачон тартибга солинади?
Туман марказидаги бозорда гўштнинг 1 килограми 55 минг сўмдан сотиляпти. Туман ветенария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари томонидан Халқобод кўчасида фаолият юритаётган 9 нафар қассобдан 7 нафари бозорда савдо қилмоқда. 2 та гўшт дўконлари ёпилди. Эндиликда барча қассоблар "Пайариқ деҳқон бозори" да фаолиятини давом эттиради.
Кеча туман ҳокими Дилшод Мусинов ушбу бозорда тегишли ташкилот раҳбарлари билан учрашганди. Озиқ-овқат нархининг сунъий оширилишига йўл қўймаслик, яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиш бўйиича тегишли тавсиялар берганди. Шу боис куннинг биринчи ярмида туман ветенария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбарияти томонидан самарали ишлар амалга оширилди.
Аммо бу биринчи сектор раҳбари, туман ҳокимининг берган топшириғи тўлиқ бажарилди дегани эмас. Жумладан, туман ИИБ, солиқ инспекцияси, санитария-эпидималогик осойишталик маркази ўзининг ваколатлари доирасида ҳамкорлик қилсалар туман марказидаги бозор янада тартибга келармиди? Сабаби, тузланган бодринг, помидор, карам салати сотаётганлар кўча бўйида савдо қиляпти. Шунингдек, белгиланмаган жойда нон, гуруч, картошка, пиёз, сабзи ва бошқа рўзғорга керакли, зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини бозор ичкарисига киритиш лозим. Ана шунда харидор учун бирмунча қулайлик яратиб берилган бўлади.
Шерзод БАХРИЕВ,
Халқ депутатлари Пайариқ тумани кенгашига 16-Обод сайлов округидан сайланган депутат.