Пайариқда ўқувчини урган ўқитувчига қонуний чора кўрилади

Ижтимоий тармоқларда “Самарқанднинг Челагида 3-синф ўқувчисини ўқитувчиси калтаклади” номли сарлавҳа остида хабар эълон қилинганди. Хабарда Челак шаҳридаги 79-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчисини 18 сентябрь куни синф раҳбари калтаклагани, мактаб маъмурияти 9 яшар ўқувчига қўл кўтарилганини ўқитувчининг оилавий муаммоларидан асаби қақшагани билан изоҳлагани баён қилинган, дейди @Farhod Norbutayev.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат ўрганилди. Пайариқ тумани халқ таълим бўлимининг маълум қилишича, видеода акс этган ҳолатни вилоят ХТБ бошлиғи ўринбосари У.Мамарасулов, туман ҳокими ўринбосари Ф.Омонов, туман прокурорининг вояга етмаганлар ишлари бўйича ёрдамчиси Ш.Мавлонов, туман халқ таълими бўлими мудири А.Рашидов, Аҳмад Яссавий маҳалласи раиси Ш.Ҳамидов, профилактика нозири Ғ.Яхшибоев, туман халқ таълими бўлими бош юристконсульти З.Очиловлар мактаб директори А.Жўраев, ўқувчи М.Э.нинг отаси Д.Бадалбоев иштирокида ўрганган.

Ўтказилган суриштирув натижасига кўра, 2019 йилнинг 18 сентябрь куни Пайариқ туманидаги 79-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси С.Ҳ. томонидан содир этилган ҳолат ўқитувчининг оилавий келишмовчиликлар сабабли содир этилганлиги аниқланган. Асаби бузилган ҳолатда ишга келган С.Ҳ. жаҳл устида 3-“А”синф ўқувчиси М.Э.ни урган.

Ўрганиш давомида мактаб жамоаси ва ўқитувчи С.Ҳ. билан суҳбат ўтказилиб, ўқитувчига тушунтириш ишлари олиб борилган.

Пайариқ туманидаги 79-умумий ўрта таълим мактабининг 3-“А” синф раҳбари С.Ҳ. томонидан содир этилган ушбу ҳолат педагогикада тақиқланган. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, боланинг камситилишига йўл қўймаслик, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш белгиланган.

Ишчи гуруҳ томонидан ўқитувчи С.Ҳ.га мазкур қонун тушунтирилиб, ўқитувчи ўқувчини урмаслиги, камситмаслиги, қўпол муомалада бўлмаслиги, ҳар қандай вазиятда ўзини тута билиши, ўқувчи йўл қўйган хато-камчиликларга педагогик жиҳатдан ёндашиш зарурлиги таъкидланди.

С.Ҳ. қилган хатти-ҳаракатидан пушаймонлигини билдириб, ўқувчи М.Э.нинг отаси Д.Бадалбоевдан кечирим сўраган.

Ушбу ҳолатни ўрганган тегишли ташкилотларнинг хулосаларига кўра, содир этилган ҳолат юзасидан ўқитувчи С.Ҳ.га нисбатан қонуний чора кўрилади. Шунингдек, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараганлиги учун Пайариқ туманидаги 79-умумтаълим мактаби директори А.Жўраевга навбатдаги интизомий жазо чорасини кўриш бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига таклиф берилган.

Ҳолатни ўрганган вилоят ХТБ бошлиғи ўринбосари У.Мамарасулов мактаб жамоаси билан суҳбатда бўлиб ўтган воқеа ҳаммага дарс бўлиши кераклиги ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик бўйича батафсил тушунча берилди. Таълим муассасасида ўқув жараёнини қаттиқ назорат қилиш, маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук авлод этиб тарбиялашга барча масъул эканлигини таъкидлади.

Ишчи гуруҳ аъзолари, хусусан, бошқарма бошлиғи ўринбосари У.Мамарасулов, туман ҳокими ўринбосари Ф.Омонов ва туман халқ таълими бўлими мудири А.Рашидов ўқувчи М.Э. яшаётган хонадонга бориб, унинг ҳолидан хабар олишди ҳамда ўқувчига бадиий китоблар ва спорт буюмлари совға қилишди.

Ўқувчи М.Э.нинг отаси Д.Бадалбоев ўғлининг соғлиғи яхши эканлигини ва душанба кунидан ўқув машғулотларига чиқишини билдирди.

Ушбу ҳолат юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов, вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича барча туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари қатъий огоҳлантирилди.

 

Пайариқ тумани халқ таълими бўлими.