Пайариқдаги тиббий кўрикда 10 кишининг хавфсиз ўсма билан касаллангани аниқланди

Ўтган шанба куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалининг бир гуруҳ мутахассислари Пайариқ тумани аҳолиси учун чуқурлаштирилган скрининг кўригини ўтказди.

- Белимда безга ўхшаган бир нарса пайдо бўлди, - дейди 76 ёшли онахон Оймўнти Кўбаева. - Самарқандга ана бораман, мана бораман, деб юрувдим. Кеча туманимизга шаҳардан мутахассислар келаяпти деб эшитиб қолдим. Эрта тонгдан кўрикка қараб шошилдим. Шифокорлар чап курак соҳамда липома борлигини аниқлашди. Керакли дори-дармонларни ёзиб беришди. Энди кўнглим бироз жойига тушгандай бўлди.

- Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, онкологик касалликларнинг келиб чиқишига, аввало, аҳолининг яшаш тарзи ўзгараётгани, тиббий саводхонликнинг етарли эмаслиги ҳамда салбий одатлар сабаб бўлмоқда,- дейди онколог Соҳиб Узоқов. - Таркибида инсон соғлиғи учун зарарли моддалари бўлган озиқ-овқат ва ичимликларни истеъмол қилиш, чекиш, жисмоний кам ҳаракатлилик саратонга олиб келиши замонавий илм-фанда тасдиғини топган. Бугунги тиббий кўрикда иштирок этаётганларнинг кўпчилигига назар соладиган бўлсак, уларнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилмаганлигини кузатдим. Бизда битта ишоч бор – “ўтиб кетади...”. Қачонки, хасталик инсонга қаттиқроқ босим ўтказсагина шифокорга кўринамиз. Кўпинча бу салбий оқибатларга олиб келяпти. Кўрик давомида тўрт кишида онкологик касаллик бўйича шубҳа бўлди. Уларни вилоятга боришга тавсия бердик. Яна ўн кишида хавфсиз ўсма касалликлари аниқланди.

Шу куни 117 нафар киши УТТ врачи, маммолог, бир неча турдаги онколог мутахассислар томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўзларининг соғлиғи бўйича керакли маълумотларга эга бўлди.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.