Пайшанбада ўтказилган тадбирни ҳарбий техникалар паради бошлаб берди

Жойларда бўлаётгани каби Каттақўрғон туманида ҳам Ватан ҳимоячилари куни олдидан тадбир ташкил этилди. Пайшанба шаҳарчасида “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остида ўтказилган тадбирни ҳарбий техникалар паради бошлаб берди.

Тадбир давомида “Ватанпарвар” ташкилоти Каттақўрғон тумани кенгаши қошидаги ўқув спорт-техника клуби раҳбари Рўзимурод Жўраевга “Ўзбекистон “Ветеран” бирлашмаси олдидаги хизматлари учун” медали топширилди.

- Ватан ҳимоячилари байрамининг нуфузи йилдан йилга ортиб бормоқда, - дейди Р.Жўраев. – Шу қутлуғ кун арафасида қўлга киритган мукофотим менга катта масъулият юклади. Ўзимга “Мен Ватан учун нима қилдим”, деган саволни бериб, келгусида янада самаралироқ меҳнат қилишим, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳали кўп ишларни амалга оширишим кераклигини англадим.

Қурол-яроғлар кўргазмаси, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Тўлқин СИДДИҚОВ.