"Пластик картангизни беринг, телефонингизга улаб бераман" деб картадан пулларини ечиб олган шахс ушланди

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабарига кўра, 2020 йил 16 август куни Оқдарё туманида яшовчи, Х. Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 6-сонли ИИБга шикоят билан мурожаат қилган.

Аризага кўра, 2020 йил 15 апрель куни Х. Самарқанд шахридаги “Ипак йўли” банки филиалларидан бирига келиб, ўзини пластик карточкасини телефон аппаратига уламоқчи бўлиб турган вақтида, унинг олдига фуқаро З. келиб, пластик карточкасини телефон аппаратига улаб, пулларни бошқа пластик карточкасига ўтказиб беришда ёрдам беришини айтади.

Амалий ёрдам вақтида З. пластик карточкадаги кодларни эслаб қолиб, Х. га пулларини ўтказиб бўлмаганлигини айтиб, пластик картасини қайтариб беради. Х. банкдан кетганидан сўнг, "уддабурон" З. пластик карточка кодларини ўзининг телефон аппаратига улаб, ундан 2.790.000 сўм пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, воқеа жойидан кетади.

Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бўлими ҳамда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 6-сонли ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Самарқанд шаҳри Мотрид қўрғонида яшовчи, 1985 йилда туғилган М.З. содир қилганлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси фуқаролардан пластик карталарини, шунингдек, шахсий маълумотлари акс этган ҳужжатларини бегона шахсларга бермасликлари бўйича яна бир бор огоҳликка чақиради.