Пўлат Солиевнинг Бобур тадқиқотлари: Совет мафкураси шароитида миллий тарих учун жасоратли кураш

Жадид маърифатпарварлари янги усул мактабларида тарих фанини ўқитишни, миллат фарзандларини холис ўтмиш билан таништиришни ўзларининг муқаддас бурчи сифатида билган. Уларнинг дарсликлари Ватаннинг буюк ўғлонлари тарихини акс эттириб, ўқувчиларга ўз тарихларини чуқур билишга имкон берган.
Аммо совет мафкурачилари ўзбек халқини ўз тарихидан ажратиш, тарихий шахсларни қоралаш ва ўтмишига эътибор бермаслик сиёсатини олиб борган. Натижада мустақил ўйлаш ва ўзбек тарихини холис тадқиқ қилишни тақиқлаб, ўзбек халқи тарихини билмаслиги учун мафкуравий ва жисмоний босим ўтказганлар.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур - ўзбек халқининг тарихида ўчмас из қолдирган буюк шоир, олим, давлат арбоби ва саркарда. Унинг ҳаёти ва ижоди асрлар давомида тадқиқотчилар ва мутафаккирлар томонидан ўрганилиб, турлича баҳоланган. Совет давлатида эса Бобур шахсиятига бўлган муносабат бир хилда бўлмаган, балки даврнинг мафкуравий ўзгаришларига қараб тубдан ўзгариб турган. Коммунистик мафкура амирлар, шоҳлар, саркардаларни салбий талқин этиб, тарихдан ўчириб ташлашга уринишган. Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Шайбонийхон, Хўжа Аҳрор Валий ва бошқалар ҳам уларнинг сиёсий душманлари бўлган. Бироқ фидокор ўзбек тарихчилари шу қийин шароитларда ҳам мард ота-боболаримизнинг номини ҳимоя қилишда давом этган.
Профессор Пўлат Солиев шундай фидокор тарихчилар орасида эди. Совет давлатининг ташкил топганидан кейин (1920 йиллар) у миллий тарихни чуқур ўрганиб, тадқиқотлар олиб бориб, Туркистон тарихига оид дарсликлар тайёрлашга киришган. Аммо большевикларнинг мафкуравий қаршилиги туфайли Пўлат Солиевнинг кўплаб дарслик лойиҳалари рад этилган. Шунга қарамай, 1929 йилда «Ўзбекистон тарихи» китобини нашр этишга муваффақ бўлган.
Ушбу асарда олим Бобур фаолиятига тарихий холислик нуқтаи назаридан баҳо беришга ҳаракат қилади. Совет даврида Бобур шахсияти, асосан, синфий ёндашув ва коммунистик мафкура асосида танқид қилинган. У феодал ҳукмдор, мустамлакачи ва диндор сифатида баҳоланган. Бу даврда Бобурнинг ижоди ва асарлари ўрганилмаган, аксинча, феодал тузумнинг кўриниши деб қаралган. 1950 йилларда эса тарихга бўлган ёндашув ўзгариб, баъзи тарихчилар Бобурнинг илмий меросига эътибор қарата бошлаган, лекин бу ҳам расмий мафкура доирасидан чиқмаган.
Пўлат Солиев ўзининг юқорида номи келтирилган «Ўзбекистон тарихи» асарида Заҳириддин Муҳаммад Бобурни нафақат моҳир сиёсатчи ва саркарда, балки ноёб истеъдод соҳиби, бетакрор шоир сифатида тасвирлайди. Бундай ёндашув 1920 йилларнинг охирида, айнан Сталин қатағон сиёсати авж олаётган, миллий қадриятлар ва тарихий шахсларнинг роли камайтирилаётган бир даврда амалга оширилгани билан алоҳида диққатга сазовор. Ушбу даврда миллий ўзликни англашга интилиш, тарихий шахсларни эъзозлаш ўта хавфли бўлган. Пўлат Солиев эса ана шундай мураккаб вазиятда Бобурнинг буюклигини таъкидлашга журъат этди.
Олим ўзининг мазкур асарида Бобурнинг суратини жойлаштириб, унинг тагига араб алифбосида «Улуғ адиб ва шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур» деб ёзиб қўйиши унинг ўз тарихига бўлган беқиёс ҳурматини ва садоқатини яққол намоён этади. Бу ёзув оддийгина маълумот эмас, балки ўша даврнинг мафкуравий босимига қарши ўзига хос жасорат, тарихни ва миллий қадриятларни асраб қолишга бўлган интилишнинг ифодаси эди. Бу орқали Пўлат Солиев, бир томондан, Бобурнинг буюклигини эътироф этса, иккинчи томондан, ўша давр ёшларига миллий ғурур ва ўзлигини англаш туйғусини сингдиришга ҳаракат қилган. Бобурнинг бетакрор шахси, адабий мероси ва тарихий ролини юзага чиқариш орқали Солиев совет мафкурасининг таъсирига қарши илмий жасорат кўрсатади. Унинг бу иши нафақат илмий, балки маънавий жиҳатдан ҳам қаҳрамонлик ҳисобланади.
Афсуски, аждодларимиз меросини ҳаққоний ўрганишга бўлган уринишлар коммунистлар томонидан шунчаки четда қолдирилмади. Олимнинг мазкур асарига мафкуравий босимлар орта бошлайди, бу эса унинг кейинги тақдирига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Абрам Гуревич каби коммунистик тузум яловбардорлари олимнинг бу асарини «пантуркистик ва ўтмишни идеаллаштиришга уриниш» сифатида қаттиқ танқид қилади. Улар Пўлат Солиев асарларидаги миллий руҳнинг устунлигидан қаттиқ жазавага тушадилар. Бу шунчаки танқид эмас, балки ўша даврдаги коммунистик мафкуранинг миллий қадриятларга нисбатан кўрсатган нафратининг ёрқин ифодаси эди.
1937 йил 8 февралда А.Карцев ўзининг «Қизил Ўзбекистон» газетасидаги мақоласида «Ўзбекистон тарихини ўрганиш соҳасида марксистик танқидчилар қилиши лозим бўлган зарур ва жанговар ишлар кўп. Лекин бу соҳада ҳар қандай хатоларга қарши, айниқса, троцкийчилик назарияларини судраб киришга доимо ва қаттиқ курашуви лозим бўлган кишилар индамай келадилар», деб ёзади. Ушбу мақолада берилган фикрлардан англашиладики, 1937 йилнинг бошидан тарих фанида ёппасига «тозалаш» кампанияси бошланиши муқаррар эди. Бу эса ўзбек зиёлиларига қаратилган сиёсий қатағонларнинг бошланиши эди. Ниҳоят, 1937 йил 13 октябрда Пўлат Солиев ҳибсга олинади ва «Учлик суди» қарори билан отиб ташланади. Бу шунчаки бир олимнинг ўлими эмас, балки ўзбек миллий зиёлиларига қарши қаратилган қатағоннинг аччиқ бир мисоли эди.
Жадид тарихчиси Пўлат Солиевнинг Бобур шахсиятини ўрганишга қаратилган тадқиқотлари Совет даврининг мафкуравий босими шароитида ўта муҳим ва жасоратли қадам эди. У ўзбек халқининг тарихий меросини асраб қолиш мақсадида Бобурнинг сиёсий фаолияти, адабий мероси ва умумтарихий ролини, ўша даврнинг қатъий мафкуравий стандартларига қарамай, объектив ва холис баҳолашга интилган. Бу ўша даврдаги зиёлиларнинг тарихий ҳақиқатни асраб қолишга бўлган беқиёс ҳаракатларидан бири ҳисобланади. Пўлат Солиевнинг аянчли тақдири ҳам бунга яққол далилдир. Унинг илмий ишлари ва қайноқ ҳаракатлари ўзбек тарихшунослигида ўзига хос бир давр ва олим сифатида етиб қолишга ёрдам беради ва ҳозирги кунда ҳам тарихни чуқур ўрганишда ҳақиқатга асосланган изланганлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Убайдулла Қувваталиев,
Термиз давлат университети қошидаги Қатағон қурбонлари музейи директори.