Пора олманг, дея ҳақоратланганман…

“...Институтимизда коррупцияга қарши кураш бўйича давра суҳбати ўтказилганди ўшанда. Ушбу тарғибот тадбирининг маъниси шунда эдики, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва бошқа идора вакиллари  томонидан биз, ўқитувчиларга, талабаларга дарс берадиган устозлар пора олишнинг салбий оқибатлари ҳақида маъруза ўқилди. Тўғриси, ушбу давра суҳбатидан чиққанимдан сўнг кўнглим оғриди. Кейинги йилларда бу каби давра суҳбатлари, турли мавзуларда йиғилишлар ўтказилиши аллақачон анъанага айланиб қолган. Лекин биз, ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак бўлган, талабалар «устоз» дея ишонадиган ўқитувчига пора олманг дейиш ҳақоратдай эшитилиб кетаркан. Ўша давра суҳбатидан сўнг бу ҳақда кўп ўйладим. Наҳотки, шу даражага келиб қолган бўлсак? Ахир олий таълим даргоҳларида шу мазмундаги йиғинлар ўтказилаётган экан, демак, айб ўзимизда. Қанча профессор, академикларни тарбиялаган  бу даргоҳда ишлайдиган ҳар бир инсон шу номга муносиб бўлишни ўз танасига ўйлаб кўриши керак эмасми? Шундай ҳолатлар содир бўляптики, демак бизни пора олмаслик ҳақида огоҳлантиришяпти. Мана, ҳозир тизимда ислоҳотлар яққол кўзга ташланмоқда. Яна кўп янгиликлар, ўзгариш бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Аввало, пора олаётган ўқитувчига атрофдагиларнинг, ҳамкасбларнинг ўзи муросасиз бўлиши керак, деб ўйлайман”. 

“...Бир умр мактабда ишладим, ўқувчиларим бир неча марталаб фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Энг қийин пайтларда ҳам соҳани ташлаб кетмадим. Чунки шу менинг ишим, шу соҳа билангина ҳаётим мазмунли. Лекин кейинги йилларда математика факультетини битириб келиб, дарс беролмаётган, ўқувчилар олдида уялиб қолаётган ўқитувчилар авлоди пайдо бўлди. Дарс бериш учун репетиторга қатнашга мажбур бўлган ёшлар ўқитувчи бўламан, деб келяпти (Бир амаллаб институтга кирган, диплом қўлига теккач, мутахассислиги педагог-да, мактабдан иш излайди). Таълим тизими ходимларини ҳар қандай идора келиб текшириши одатий ҳолга айланди. Кўчада хазонларни тозалаётганимизда “Сен ҳам ўқимасанг, шуларга ўхшаб юрасан” дея ёнидаги фарзандига дакки бериб ўтаётган инсонларнинг пичингларини эшитишимизга тўғри келган пайтлар бўлди. Таълим катта бир ислоҳотга муҳтож бўлиб қолди...”

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маросимда мамлакатимиз раҳбарининг нутқини эшитарканман, турли йилларда фидойи ўқитувчилар билан суҳбатим давомида нафақат хотирамда, балки қалбимда муҳрланиб қолган юқоридаги фикрлар қайта жонланди. Таълимнинг ислоҳотга жуда муҳтож бўлиб қолгани, жамиятдаги ҳар қандай муаммони айлантириб таълим тизимига олиб келиб тақаётганимиз рост. Икки зиёли йиғилса, таълим ҳақида сўзлашиши, фидойи устозлар кўришиб қолса соҳанинг муаммоларидан суҳбатлашиши бежиз эмасди. Мамлакатимиз раҳбари нутқида мана шу муаммолар, таълимнинг тўпланиб қолган дард-аламлари мужассам эди. 

Кўпинча таълим бошқармасидагилар журналистлардан нега фақат таълим соҳасидаги камчиликларни ёритасизлар, бошқа соҳага эътибор қаратмайсизлар, дея ўпкалаб қолишарди. Ростдан ҳам, баъзида чиройли мақола қилиб берамиз, деган паллада ҳам зарур манзилга боргач, у ерда муаммоли вазиятга дуч келар, бу вазиятдан кўз юмиб кетиш ҳам оғир эди. Фақат фидойи устозлар, ўз ишига садоқат билан меҳнат қилаётган жонкуяр муаллимлар билан суҳбатгина кишига таскин берар, соҳага нисбатан ҳурматимиз ва меҳримизни оширарди. 

Мамлакатимиз раҳбари нутқида айнан мана шу, кўз юмиб бўлмайдиган муаммолар ҳам, чексиз фидойилик ҳам гавдаланганки, уни нафақат соҳа ходимлари, балки зиёлиман деган ҳар бир инсон қайта-қайта ўқиб чиқиши, хулосалар чиқариши мумкин. Уларда баландпарвозлик йўқ, оддий ҳақиқатлар бор, узоқ йиллардан бери фидойи устозларни ўйлантирган, қийнаган масалалар ва уларнинг ечими учун аниқ йўналишлар бор. 

Дейлик, Бухоронинг Қоракўл туманидаги мактабнинг тажрибаси нега ҳанузгача бошқа вилоятларга татбиқ этилмагани ҳақидаги фикрнинг ўзи кишини мулоҳазага чорлайди. Самарқандда ҳар бир фанни санъат даражасида ўтадиган ўқитувчилар камми? Албатта, етарли. Афсуски, баъзиларига эътибор йўқ, баъзилари шогирдлари камолидангина бўйи бир газ ўсиб, ўқитувчилигидан мамнун меҳнат қилмоқда.

Умидимиз борки, мамлакатимиз раҳбари нутқи таълим тизимидаги яна бир йирик жараённинг катта бир босқичига айланади. Ушбу тарихий нутқ фидойи устозларнинг узоқ йиллик орзуларига пиллапоя бўлади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.