Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пресс-турдан журналистлар қандай хулоса чиқарди? Иш берувчилар-чи?

Вилоят бандлик бош бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда дастлаб журналистлар вилоятдаги Ургутдаги “ЎзБАТ” қўшма корхонасида бўлди.

- Корхонамизда меҳнат қилаётган 226 нафар ишчининг 19 нафарини хотин-қизлар ташкил этади, - дейди корхонанинг экология ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Равшан Ҳасанбоев. – Шунингдек, ҳар йили 400 нафар мавсумий ишчиларни шартнома асосида ишга қабул қиламиз. Бизда улар учун етарли шароитлар яратилган. 160 ўринли ошхонада 3 маҳал иссиқ овқат, махсус кийим-кечаклар билан таъминланган. Меҳнат таътили даврида саломатликларини тиклаш ва дам олишлари учун санатория ва сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар ажратилади. 10 та автобус уларнинг ишга келиб-кетишлари учун хизмат қилади. Уларнинг 30 нафардан ортиқ фарзандларининг ёзги оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилди.

Журналистларни вилоятда энг йирик корхоналардан бири бўлган "ЎзБАТ" қўшма корхонасида бирорта ҳам ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилмаслиги таажжубга солди.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари нафақат маҳаллий, балки Туркия, Италия, Сербия, Россия каби давлатлардан келиб Самарқанд туризм марказини бунёд қилаётган муҳандис ва ишчиларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишди. Улар овқатланаётган ошхоналардаги таомлар таркиби ва рационларини ўрганди. Ётоқхоналардаги қулайликлар, дам олиш хоналари, тез ёрдам бўлими ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш хоналарини кўздан кечирди.

- Айни пайтда қурилишларда меҳнат қилаётган 7,5 минг ишчидан 2,5 минги меҳнат таътилига чиққан, - дейди бизга ҳамроҳлик қилган марказнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Фарҳод Қурбонов. – Ҳар ҳафта барча ишчи-хизматчига меҳнат муҳофазаси бўйича тушунчалар берилиб, улар махсус кийим-кечак, каска, қўлқоп ва шахсий гигиена воситалари берилади. Айниқса, кечки навбатда ишловчиларга алоҳида эътибор қаратилади. Меҳнат майдончаларининг етарлича ёритилиб, хавфсизлик камарлари, ёриткич ва иш қуроллари билан таъминланиши қатъий назоратга олинган.



Журналист ва блогерлар Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида “Agromir Buildings” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурувчилари билан ҳам учрашди.

Корхона томонидан ҳозиргача 10 255 та оила учун 12, 16, 25 қаватли уйлар қурилган. Бугунги кунда яна 18 та кўп қаватли уйлар қурилишида ишлаётган 2354 тадан ортиқ муҳандис ва ишчиларга етарли иш шароитлари яратилиб, улар махсус кийим-кечак ва бошқа ҳимоя воситалари билан таъминланган. Бироқ мазкур корхонада кечки сменада ишлаётган ишчиларга махсус иссиқ кийим-кечаклар берилмаган.

Вилоят бандлик бош бошқармаси ҳамда касаба уюшмалари бирлашмалари вилоят кенгашининг мутахассислари ишчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг меҳнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида билимларини синаб кўришди. Шунингдек, корхонада ишчиларга иш берувчи томонидан яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар, имтиёзлар борасида қандай таклифлар борлигини ўрганди.


- Пресс-туримизни ўтказишдан асосий мақсад, меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан бирга содир бўлаётган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган, - дейди вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Жонибек Азимов. - Бугунги кунда бошқармамиз "Мономарказ" ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари билан ишсиз ёшларни жалб қилган ҳолда вилоятдаги қурилиш ташкилотларига зарур бўлган сувоқчи, ғишт терувчи, пайвандчи каби ўндан ортиқ мутахассисликлар бўйича тайёрлаб, қайта тайёрлашда ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, 8 нафар ёшларни меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича қайта тайёрланиб, Самарқанд туризм марказига ишга жойлашишига эришди.

Дилмурод Тўхтаев.