Президент таклифидан сўнг Туркиянинг Ҳатай вилояти ёшлари Самарқандга келди

Жорий йилнинг 16 март куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида Анқара шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Туркий давлатлар етакчилари фавқулодда вазиятларни бошқариш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳамда табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш масалаларини муҳокама қилган эди.

Давлат раҳбари саммитда сўзлаган нутқида Туркиянинг Ҳатай вилояти ёшларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сафарини уюштириш, юртимиз ёшлари билан қўшма тадбирлар ўтказиш таклифи ҳам илгари сурилган.

Бугун Туркия Республикасининг Ҳатай вилояти ёшлари Самарқандда бўлди. Ёшлар марказида ҳатайлик ва самарқандлик масъуллар ҳамда волонтёр ёшлар иштирокида “Ўзбекистон-Туркия ёшларининг бирдамлиги” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

- Жорий йил Туркиянинг жануби-ғарбий ҳудудларида рўй берган вайронкор зилзилалар кўплаб қурбонлар ва талофатларга сабаб бўлди, - дейди Туркия Ёшлар ва спорт вазирлиги масъули Серҳат Сағичн. -  Шундай оғир дамда қардош ўзбекистонликлар мамлакатимизга биринчилар қаторида ёрдам қўлини чўзганидан миннатдормиз. Ўзбекистон Президенти таклифи билан бир гуруҳ ёшларни заминингиздаги тарихий шаҳарларга олиб келдик. Бугунги учрашувда волонтёр ёшлар билан суҳбатлашиб, тажриба алмашдик, қолаверса, ёшларимиз маданий ҳордиқ чиқарди. Дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз абадий давом этади.

Туркиялик ёшларнинг Самарқанднинг диққатга сазавор масканларига саёҳати ташкил этилди.

Ф.Рўзибоев.