Президент янги фармони ўқитувчиларни рағбатлантиришга қаратилмоқда
Халқ таълими соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, тизимдаги муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар жамиятда ўқитувчи обрўсини ошириб, истиқболли кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Таълим тизимида туб бурилиш ясаши эътироф этилаётган “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
- Мазкур ҳужжат орқали ўқитувчини моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, ўқитувчининг оиласидан, моддий таъминотидан хотиржам бўлиб, бор салоҳиятини таълим сифатига қаратиши, фаолиятига ижодий ёндашишига шароит яратилаётгани қувонарлидир, - дейди Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов. - Айниқса, фан ўқитувчиларини методик қўллаб-қувватлашда энг муҳим бўғин бўлган методистлар малака ва тажрибасини қайта кўриб чиқиш, шу билан бирга, уларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилаётгани таълим сифати янада ошишига хизмат қилади.
Шунингдек, 2024 йилга қадар юқори натижаларга эришган педагогларнинг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача босқичма-босқич оширилиши ҳам соҳа ходимларини ўз устида астойдил меҳнат қилишга ундайди.
Мазкур фармон лойиҳасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш бўйича 3 кун давомида жойлардан таклифлар олинди. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ҳам кўплаб таклиф (бандларга қўшимча ва ўзгартириш)лар илгари сурилди.
- Фармон лойиҳаси билан танишиб чиққанимиздан сўнг биз, ўқитувчилар ҳам ўз таклифларимизни билдирдик, - дейди Пайариқ тумани 71-умумий ўрта таълим мактаби она тили ўқитувчиси Гулшан Саидова. - Лойиҳанинг 4-банди қуйидаги мазмунда тўлдирилса мақсадга мувофиқ бўлади: “Мактаб ўқувчилари учун онлайн тизимда ўқув дарсликларини автоматлашган тартибда тақсимлашнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
- ўқувчилар томонидан йўқотилган ва яроқсиз ҳолатга келиб қолган ўқув дарсликларини харид қилиш учун Халқ таълими вазирлиги ҳар бир вилоят марказида биттадан китоб дўконларида дарсликлар сотилишини ташкил этиш”.
Энди депутатлар ҳам мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини оширишда бевосита иштирок этиб, директорлар фаолиятига холисона баҳо беради.
Хуршида Эрназарова.