Президентнинг одатий иш куни қандай ўтади? Бу ҳақда Комил Алламжонов сўзлаб берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори К.И.Алламжонов “AlterEgo” дастурида интервью берди. Унда у Президент матбуот котиби лавозимига тайинлангани ва Президентнинг одатий иш куни нималардан иборатли ҳақида гапирди.

Ж: Сиз Президент матбуот котиби лавозимига тайинланганингиздан сўнг оммавий ахборот воситаларига жиддий кириб келдингиз. Сиз матбуот котиби этиб тайинланган кунингизни эслайсизми?

КА: Ҳа. Мен тоғда эдим. Менга қўнғироқ қилиб: “Сен Президентнинг матбуот котиби этиб тайинландинг”, дейишган.

Ж: Бу одатда қандай бўлади? Бу қандайдир резюме юбориш биланми ёки суҳбат орқалими? Қандай қилиб одамлар муҳим лавозимларга тайинланади?

КА: Мен бундай лавозимларга фақат яқин алоқалар орқали тайинлашади ёки бунинг учун пул тўлаш керак, деб ўйлардим доим. Чунки мен шундай ҳолатларга ўз кўзларим билан гувоҳ бўлгандим, мен шу соҳада ўсдим ва бундай ишлар қандай бўлишини кўрдим. Ва шу сабаб, 2012 йил эди шекилли, давлат тузилмаларини бутунлай тарк этдим. Ҳафсалам пир бўлган эди. Шунчалик содда бўлган эканманми, доим “Агар яхши ишласанг, албатта назарга тушасан ва юқорига кўтариласан”, деб ўйлардим. Амалда эса бундай бўлмади. Мен кечаю-кундуз ишладим, неча кунлаб дам олмадим. Бироқ кўтарилмадим. Ва қайсидир бир кунда мени йиғилишда қаттиқ койишди ва давлат ишидан менинг кўнглим қолди, ҳафсалим пир бўлди. Мен: “Бўлди, раҳмат, болалар, энди мен давлат ишида ишламайман”, дедим ва кетдим.

Бизнес билан шуғулланишни бошладим. Лойиҳалар билан ишлашга киришдим.

КА: Айни ўша кунларда Президент матбуот котиблигига ваканция очиқ турган эди. Менга таклиф билан қўнғироқ қила бошлашди ва мен: “Йўқ, қўйсангизчи”, деб жавоб қайтардим. Мен ўшанда “Давлат хизматига бошқа қайтмайман, деб ўзимга ўзим сўз берганман”, деб жавоб қайтардим.

Мен шу йирик лойиҳалардан сўнг тоғда, дам олишда эдим. Ва менга қўнғироқ қилиб, “Сени шунчаки таклиф қилишмаяпти, сени матбуот котиблигига тайинлаб бўлишди”, дейишди.

Мен ҳайрон бўлдим:

— Қандай қилиб?

— Сен шу ерда керак экансан.

— Агар бу топшириқ давлат раҳбари томонидан берилган бўлса, мен бажонидил қабул қиламан, дедим. Албатта, бу лаҳзалар менинг давлат хизматларида адолатсизлик ёки фақат таниш-билиш орқали ўсиш мумкин деган фикрларимни ўзгартириб юборди. Шундай қилиб, ҳаммаси ўзгарди.

Ж: Президент матбуот хизмати сиз раҳбарлик қилганда яхши томонга ўзгарди. Буни тан олиш керак. Ишларни йўлга қўйиш қай даражада қийинчилик туғдирди? Қандай қаршиликларга дуч келдингиз?

КА: Албатта дуч келганман. Ҳаммасини нолдан бошлаш керак эди. Мендан олдинги ҳамкасбларимдан ҳеч бир аҳамиятли нарса йўқ эди. Иқтидорли болалар бор эдики, уларни қўллаб-қувватлаш ва имкониятларини юзага чиқариш зарур эди. Матбуот хизматига келганимда менга ҳамма ходимларни “тозалаш” ва ўзгартириш кераклигини айтишди. Мен: “Шошманг, сиз уларга ўзини кўрсатишга имкон бердингизми? Имконият бериб кўрайлик. Уддаласа уддалади. Агар уддалай олмаса, исталган вақтда ўзгартириш мумкин”, дедим. Шундай қилиб, биз механизмни йўлга қўйишга, яъни ишлаб чиқариш айланмаси, контентни шакллантириш, раҳбар билан кўришишни таъминлашга қаттиқ ҳаракат қилдик. Албатта, жуда қийин бўлди. Қийинчилик ҳамма вақт ва ҳамма ёқда бўлади.

Асосийси, ҳаммаси раҳбарингизга боғлиқ. Агар раҳбаринг буни хоҳласа, сенга ҳамма шароитни яратиб беради. Агар раҳбаринг истамаса, қанчалик уринма, ҳеч нарсага эришмайсан. Менинг бахтимга, юртбошимиз менга ёрдам бердилар, қўллаб-қувватладилар ва тавсиялар берганимда қулоқ тутдилар. Яъни, биз бу тандемга эга эдик ва ушбу тандем сабаб биз турли муваффақиятларга эришдик.

Ж: Сиз Президент билан қанча муддатда кўришиб турар эдингиз?

КА: Деярли ҳар куни.

Ж: Сиз Президентнинг одатий иш куни нималардан иборатлигини айтиб бера оласизми?

КА: Эрталаб соат 9-9:30 да иш бошланади ва қачон тугаши номаълум. Биз доим: “Ўзингизни эҳтиёт қилинг, жуда кўп ишлаяпсиз”, деб кўп айтардик. Масалан, ҳар тонг — биз юртбошимиз учун тайёрлаган турли маълумотлар, қабуллар ва жадвал бўйича тадбир бор бўлса, тадбир билан, учрашув бўлса, учрашув дайджести билан бошланарди. Кун шу ишлар билан давом этарди ва биз уйга жуда кеч қайтардик, дам олиш кунларисиз ишлардик.

Ж: Нега дам олиш кунларисиз?

КА: Менимча, йиғилиб қолган муаммолар тинчлик ва бўшашишга имкон бермасди.

Ж: Бу савол энергия билан боғлиқ. Дарҳақиқат, ҳаммани Президентнинг бунчалар серғайрат инсон эканликлари ҳайратлантиради. Сизнингча, улар бунча ғайратни қаердан оладилар?

КА: Бу, эҳтимол мамлакатни яхши томонга ўзгартиришга бўлган кучли истак билан боғлиқ бўлса керак. Тўпланиб қолган муаммолар ва уларни ҳал қилиш, мамлакатимизни янги босқичларга олиб чиқиш истаги юртбошимизга тинчлик бермайди ва улкан ғайрат бағишлайди. Биз уларнинг ортларидан улгуролмасдик. Президентимиздан ёш бўлсам-да. Жуда қаттиқ чарчадим. Юртбошимиз шу қадар ғайратлиларки, менга ўхшаганларнинг 10 таси ярим йўлда қолиб кетади. Айниқса, вилоятларга сафарга борганда. Соат 8:30 да аэропортда бўлишимиз керак эди. Бунинг учун соат 6:30-7:00 да уйғониш зарур. Ярим соат ичида биз, 8:30 да — Президент келарди. Самолётга ўтириб учамиз. Самолётдан тушишимиз билан кортежга ўтирамиз ва қилинадиган ишларнинг режали дастури жуда зич тузилган бўлади. Дастурдаги ишлар кўламини камайтириш мумкин, бироқ Президентимиз ҳатто йўлда ўтган ҳар бир дақиқамиз самарали фойдаланишни талаб қиладилар. Сиз тасаввур қилолмайсиз, биз ҳатто сув ёки чой ичмаймиз, овқатланмаймиз, дам олмаймиз — трапдан тушишимиздан, объектларга боришни бошлагандан то тунгги 12 гача ишларни тугатмагунимизча.

Буни тасаввур қила оласизми? Биз ҳолдан тоямиз, Президентимиз эса ҳали тетик. Президентимиз халқимиз билан мулоқот қилганда одамларнинг муҳаббатлари ва қўллаб-қувватлашларини ҳис қилиб, кучга тўлсалар керак. Бу эса ишлашга рағбат беради. Объектларга бориб келгандан сўнг, 3-4 соат давом этадиган йиғилиш бошланади. Унда муҳим ва долзарб масалалар ҳал қилинади. Тунгги соат 12 да мажлисдан чиқамиз, чарчаганмиз ва Президент эса тетик ҳолда 10-15 дақиқа тамадди қилиб, телевизор орқали янгиликларни кузатадилар, матбуотни ўқийдилар. Мана шундай ақлбовар қилмас режим.

Ж: Айтишларича, Президентнинг столи устида, буни сиз ҳам бир неча бор таъкидладингиз, дайжест туради. Аввал бу битта жилд бўлган бўлса, ҳозирда менинг билишим бўйича, бир нечта жилд. Ва кўпчилик турли сабаблар билан шу жилдлар ичида ўзининг масаласи бўлишини истайди. Унинг ичида жуда кўп материаллар жамланади. Буларнинг орасида маълум манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши мумкин: ким, нима, қандай қилиб шу жилд ичига киритилади?

КА: Яъни, сиз булар қандай ажратиб олинишини сўрамоқчисиз?

Ж: Ҳа.

КА: Маълумотлар “тозаланмайди” — мен сизга сабабини тушунтираман. Раҳбар бир нечта маълумот манбаларига эга. Агар битта жамоа ахборотни филтрлаб, қисқартириб тақдим этса, бошқа жамоа барибир бу ҳақида маълумот етказади. Кўряпсизми, шу сабаб кимнингдир бошида калтак синиши мумкин. Шунинг учун, кун давомидаги янгилик ва маълумотлар, тўлиқ мазмунда бўлмаса-да, қисқартирилиб, асосий мавзуси билан берилади. Фактлар албатта баён этилади. Уни фильтрлаш мумкин эмас. Чунки раҳбарда ахборот олиш имкониятлари жуда кўп, жумладан, интернет орқали ҳам.

Эҳтимол, илгари фильтрлаш мумкин бўлгандир, чунки интернет, сайтлар деярли бўлмаган, фақат газеталар бўлган. Уларни эса кесиш ва фақат керакли материални бериш мумкин бўлган.

Энди эса яшира олмайсиз.

Ж: Мени доим бир савол қизиқтирган. Президентнинг мобил телефони борми?

КА: Бор.

Ж: У телефондан фойдаланадими? Одамлар унга қўнғироқ қилишадими?

КА: Мен буни аниқ билмайман, лекин бир-икки марта мобил телефон орқали гаплашганини кўрганман.