Профессионал таълим муассасаларида етук ва малакали мутахассислар етишиб чиқяптими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмита аъзоси Ғ.Абдиев 13-14 август кунлари Ургут тумани 1- ва 4-сон, Жомбой тумани 1-сон, Булунғур тумани 2-сон касб-ҳунар мактабларида меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб кадрлар тайёрлаш ҳолати ҳамда уларни моддий-техник база билан таъминланганлик даражасини ўрганди.

Ўрганиш давомида ушбу профессионал таълим даргоҳларида иш берувчиларнинг талаб ва таклифлари асосида ёш кадрларни ўқитиш, иқтисодиёт соҳа ва тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда жамиятнинг касблар ва мутахассисликларга бўлган талабларини қондиришга эътибор қаратилди. Бунинг учун яратилган шароитлар ўрганилди, таҳлил қилинди ва зарур таклифлар ишлаб чиқилди.

Таъкидлаш лозимки, 2020/2021-ўқув йилида профессионал таълим тизимида вилоят бўйича 74 та таълим муассасаси, яъни 37 та касб-ҳунар мактаби, 15 та коллеж ва 22 та техникум фаолият кўрсатди.
Бу муассасаларда 164 та касб бўйича 21 минг 826 нафар ўқувчи таҳсил олди.