Пулини тўласанг бўлди, буёғини босавер-ми?
Гап йўналишсиз таксилар хусусида бормоқда. Карантин боис йўлларда автобуслар ҳам қатнамаяпти. “Эй, тўхтанг, туман ҳудудининг қайси йўналишида, ўз вақтида автобус қатнаган ўзи”, деб айтишингиз мумкин. Бугун кунимиз йўналишсиз таксиларга қолган. Яхшиямки, уларнинг борлиги аҳолининг узоғини яқин қилмоқда.
Юқорида айтганларимиз масаланинг бир томони. Хўш, автобус йўқ экан, йўналишсиз таксиларга аҳолини ташиш учун нархни ким белгилайди? Ҳайдовчининг тиббий кўригини ким назорат қилади? Очиғини айтадиган бўлсак, ҳар ким билганича юрибди. “Оғайни сен ундай қиляпсан, бундай қилаяпсан”, дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга рухсат бераётган ташкилотлар шу тарафларини ҳам ҳисобга олиш керак эмасми? Ёки шунча пул тўласанг бўлди, буёғини босавер-ми?
Мени айблашдан олдин, билсангиз айтинг, қачон газ ёки бензиннинг нархи кўтарилди? Билишимизча кўтарилмади. Нега энди йўналишсиз таксиларнинг нархи ошиб кетди? Айб карантиндами ёки ўн кунда туман марказига бир марта чиқадиган аҳолидами?
Бунга мисоллар талайгина. Масалан, “Деҳқонобод-Пайариқ” – 5 минг, “Челак-Пайариқ” - 4 минг, “Челак-мудофаа ишлари бўлими” бир қадам йўл - 2 минг, қўйинки, машинага бир минсангиз 2 минг пулингизни қоқиб оляпти.
Ҳозирги шароитда аҳоли чарчаган, карантин чекловлари қийнаб қўйди. Эшитяпмиз, кўряпмиз кўпчилик бундай нархлардан эътироз билдиряпти. Арзини кимга айтишни билмаяпти. Улар тортишишнинг фойдаси йўқлигини аллақачон англаб етишган. “Пулинг бўлмаса, нима қиласан машинага миниб”, дейдиганлар кўп.
Инсоф бор жойда барака бўлади, деган гап бекорга айтилмаган. Бировни норози қилиб, ўн сўм топгандан, рози қилиб бир сўм топганнинг қадри, қиймати бошқача. Бу биргина тумандаги гаплар... Ишонмасангиз, бир таксига ўтириб кўринг!
Ҳусниддин РАҲМАТОВ.