Қабристон муқаддас жой. Унга эътиборсизлик аждодлар руҳига ҳурматсизлик саналади
Бундай саъй-ҳаракатлар халқимизнинг юрт ободлигига муносиб ҳисса қўшиши, ёш авлоднинг аждодлар хотирасини ёдга олиб туриши, уларнинг руҳи олдидаги муқаддас бурчини адо этиши, қадриятларимизга бўлган ҳурматининг ошишига хизмат қилади.
Бу каби хайрли ишлардан бугун Самарқанд тумани аҳолиси ҳам четда эмас. Туман ободонлаштириш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳудуддаги 48 та қабристонга 57 нафар қоровул ҳамда назоратчилар бириктирилган. Қадамжолар атрофини девор ва темир панжаралар билан ўраш, ҳудудни ободонлаштириш юмушлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Тумандаги Қайнама қишлоғи қабристонидаги ҳолат билан танишар эканмиз, қадамжони ободонлаштириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилганининг гувоҳи бўлдик. Йўлакларга дид билан бетон плиталар терилган, гулхоналар ташкил қилинган, шинам айвон, қоровулхона бунёд этилган.
– Ушбу қабристон Юқори Қайнама ҳамда Қуйи Қайнама маҳаллаларига қарашли, – дейди назоратчи Ҳамза Қурбонов. – Ҳар йили Наврўз, Хотира ва қадрлаш куни, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари арафасида мазкур маҳаллалар аҳолиси томонидан ҳашар уюштирилиб, бу ернинг ободлигига эътибор қаратилади. Уларнинг кўмагида 450 метрдан зиёд йўлакларга бетон плиталар ётқизилди, 100 туп кўп йиллик гул, 200 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди. 18-19 март кунлари ўтказиладиган умумхалқ ҳашари давомида қабристоннинг 5 гектардан зиёд майдонини тартибга келтириш, бегона ўтлардан тозалаш, темир панжараларнинг бузилган қисмларини бутлаш бўйича ишларни белгилаб олдик.

Ушбу ҳудудга яқин Миришкор ва Чаққа маҳаллалари қабристонида Қайнамадаги ҳолатнинг аксини кўрдик. Миришкор маҳалласи раиси ва посбонининг айтишига қараганда, қабристон йўлаклари бундан 25-30 йил илгари асфальт қилинган. Аммо шу давргача уларни таъмирлаш, янги йўлаклар ташкил этишга ҳафсала қилинмаган. Ариқлар ҳам йиллар мобайнида тозаланмаган. Қадамжо ҳудудидаги қадимий, минг йиллик муқаддас чинорлар қаровга муҳтож. Эски қабрлар янтоқ, ўтин-чўплардан тозаланмаган. Қачондир кесилган дарахтлар кундалари олиб ташланмаган. Таҳоратхона, қоровулхона сифатида қурилган бино ем-хашак омбори, ўтинхонага айлантирилган. Қабристон ҳудудидаги эски масжид биноси қаровсиз ҳолатда. Қабристон хизматчисини тополмадик. Миришкор маҳалласи раиси Гулчеҳра Рўзиқуловадан эса ҳолатга жўяли бир изоҳ ололмадик.
Ипакчи маҳалласидаги икки қабристонда икки хил ҳолат. Бирининг фаолияти 2008 йилда йўлга қўйилган бўлиб, қадамжо йўл тарафдан 113 метр узунликда девор билан ўралган. Қолган уч қисми очиқ турибди. Қоровулхона, тобутхона қуриш учун бетон пойдевор қуйилганини ҳисобга олмаганда бу ерда бирорта бино йўқ. Лекин йўлакларга бетон плиталар ётқизилган, манзарали дарахтлар экилган, қабрлар рақамланиб, тартиб билан жойлаштирилган.

Маҳалланинг эски Жафсар ота қабристонига бугун сизот сувларнинг кўтарилиб кетгани боис майит қўйилмаётган бўлса-да, қадамжо қаровсиз ташлаб қўйилган. Қабристонга борувчи йўлга қараб бўлмайди. Балчиқ, лой ва сув тўпланган йўлдан техника тугул пиёда ҳам ўтишга қийналади. Қабристоннинг 1 гектарга яқин майдони чакалакзорга, бинолари харобага айланиш арафасида турибди. Ҳудудда бир вақтлар экилган мевали дарахтлар олиб ташланмаган. Ўриндиқ ўрнатиш, гул ёки дарахт экиш, йўлак қилишга эътибор қаратилмаган. Қадамжо хизматчисининг гапига қараганда, у ойлик олмайди. Шу боис унда ўз вазифасига ҳафсалаям, меҳр ҳам йўқ экан.
Самарқанд туманидаги бир нечта қабристонлардаги ҳолатни ўрганиш жараёнида айрим мутасаддилар "Ишни энди бошлаяпмиз. Ёмғирли кунлар сабаб ишлар орқага чўзиляпти. Барчаси маблағга боғлиқ" қабилида баҳоналар қилишди. Аслида қабристон фақат арафа, ҳайит ва бошқа байрам кунлари эмас, мунтазам эътиборда бўлиши лозим.
Халқимизда "Тавба қилиб қолай десанг – масжидга, борар жойим билай десанг – мозорга бор", деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Ахир қабристон – муқаддас маскан. Яқинлари зиёратига борган инсонлар, айниқса, ёшлар бу маконнинг ободлиги марҳумлар руҳига ҳурмат эканлигини унутмасликлари керак.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).