Қадимда ҳам иш вақти бўлганми?

Одамлар қадимги даврда иш вақтини қандай ўтказишган экан-а? Мен ибтидоий жамоада яшаганларни назарда тутаётганим йўқ. Газета, радио ёки ойнаи жаҳон ҳали ихтиро қилинмаган замонларни айтяпман.

Бўлимга ажратилган хонада уч ходим ишлаймиз. Соат саккиз бўлмай ҳамма ўрнини эгаллайди. Кечаги ишдан кейин то бугун ишга келгунга қадар эшитган-кўрган воқеаларимизни ўрнимизга ўтиришимиз билан бир-биримизга айтиб беришга одатланганмиз. Лекин тўғрисини айтсам, бунга бир иш кунича белгиланган вақт камлик қилади.

- Кеча футболни кўрдингизми? – спортга ўта қизиққани учун “ашаддий” лақабини олган  хонадошимиз стол ғаладонидан қоғозларни чиқараётган “файласуф” номли ҳамкасбимизга ҳаяжондан ёнган нигоҳини тикади. Кейин унинг жавоб бермаганидан заррача ўкинмай, менга ўгирилади. – Сиз-чи, сиз кўрдингизми, "катта". "Реал" барибир "Реал"да.

Ёшимни чамалаш шарт эмас, "катта" дегани ҳақиқатан мен. Албатта, ёш борасида икки ҳамкасбимдан ҳам анча кичикман. "Катта" – бу менинг лақабим, “катализатор” атамасининг қисқартирилиб айтилишидан ҳосил бўлган ибора, “ката” сўзининг бузиб талаффуз қилиниши. Олдинига менга катализатор деб мурожаат қилишди, кейин тилни қийнамаслик учун “ката” атамасини қўллашди. Вақт ўтиб эса “ката” ибораси ўз-ўзидан “катта” сўзига алмашгани аввалига кўпчиликни ажаблантирган бўлса, кейин бу гапда бир сир бордек, менга алоҳида эътибор билан муомала қиладиган бўлишдики, шаънимга талафот  етказмагани, аксинча, ҳурматимни оширгани учун бундай лақаб орттирганимдан мамнун бўлгандим.

"Ашаддий"нинг спорт ҳақидаги гапларини ҳам, сиёсатга оид фикрини ҳар гапга қўшиб, “файласуф” деган ном олган иккинчи ҳамкасбимнинг ўзидан бошқа ҳеч кимни  қизиқтирмайдиган мулоҳазасини ҳам берилиб тинглайман. Уларга ўхшаб ҳар гап устида баҳслашмаганим, аксинча, ҳар иккиси билан чиқишганим учун  "катализатор", йўғ-э, "катта" деган ном олганман.

"Ашаддий"нинг менга тикилиб турган илҳақ кўзларига қараб унга раҳмим келади. "Файласуф"нинг футболни кўрмагани аниқ, лекин менинг ҳам рад жавобим унда бизга нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотмасин деб тўғрисини айтаман.

- Йўқ, кўрмадим. "Айтишув"ни томоша қилдим. Мумтоз қўшиқларни зўр айтишди-да.

- Қўшиқдан нима фойда? – "ашаддий" ҳафсаласи пир бўлганини яширмай, афтини буриштиради. – Кечаги футбол тарихда бўлмаган.

- Мен ҳам кўрдим "Айтишув"ни, – "файласуф" қоғоздан бошини кўтариб менга қарайди. – Хоразмлик артист менга ёқди.

- Самарқандлик у, - унга эътироз билдираман, – бизга қўшни қишлоқдан. Анчадан буён Тошкентда яшайди.

- Йўғ-э, талаффузи хоразмча-ку. – "файласуф" таажжубланади. - Лекин қотириб қўяркан қўшиқни.

- Хоразмнинг командаси ҳам чемпионатда ёмон ўйнамаяпти, – "ашаддий" гап мавзуси футболдан четга чиқаётганидан безовталанади. "Файласуф" эса мен билан бўлаётган суҳбати бузилганидан норози бўлиб, қоғозга тикилади. Спорт ишқибози гапини давом эттиришга илҳақ бўлиб турганини сезиб унга қарайман. 

- Лекин кечаги ўйинга гап йўқ, – у эътибор қаратганимдан жонланади.

Эшик очилиб, бўлим бошлиғи хонага кириши билан ҳушёр тортамиз.

- Салом ҳаммага. Ҳисоботлар нима бўляпти? – У "ашаддий"га яқинлашиб сўз қотади. – Кеча олиб киринг, дегандим. Иш тугамай кетиб қолибсиз?

- Кечиринг. Футбол соат 4 да бошланади. Стадионга борган эдим.

- Расво қилдику ўйинни. Ўз уйида ютқазиб қўйган командани қандай аташ мумкин? Эссиз, ҳомийлик улушимиз. Майли, ҳисобот бугундан кечикмасин.

- Раҳбарга гап йўқ-да, – дейди "ашаддий" бўлим бошлиғи хонани тарк этгач. – Стадионга тушмаса ҳам футболга жони ачийди.

Мақтов бошлиққа қаратилган бўлса-да, гапнинг бош чайқаб айтилиши биз учун дашном эканини сезамиз.

- Бугун ҳам ҳисоботни тугатолмаймиз. – Бошланадиган баҳснинг олдини олмоқчи бўламан.

"Ашаддий" ва "файласуф", бирининг жавоб қайтаришга тайёрлиги, иккинчисининг ҳеч қачон енгилмаслигини намойиш қилган важоҳати билиниб турса-да, гапим таъсир этиб, улар тин олишади.

- Кеча газетада Эрон ядро бомбаси ҳақида зўр мақола босишибди.

Анча-мунчага ҳайратланмайдиган "файласуф"ни қизиқтирган мақола эътиборимизни тортади. Шу билан бирга  "ашаддий"нинг сергак тортган нигоҳи ва авзойи ўзгарганига қараб, унинг спорт ҳақидаги ўйларидан чалғиганини ҳам сезаман. Газетадаги хабарни эшитиш  учун   ручкани стол устига қўярканман, бугун ҳам ҳисобот охирига етмаслигини ўйлайман.

"Файласуф"нинг Эрон ядроси борасидаги  қарашлари "ашаддий"нинг форс футболчилари эришган натижа ҳақидаги  фикрлари билан бўлиниб туради. Ҳисобот ишимизни кўриш учун бир неча бор хонамизга бош суққан бўлим бошлиғи ҳам  ҳамкасбларим айтган ҳар икки масалага ўз қарашларини изҳор этиб, охирида асосий ишдан чалғимаслигимизни тайинлаб чиқиб кетади.

Мен эса гап мавзуси ўзгариб, орага бир муддат сукунат чўккан вақтлар қадимда одамлар иш вақтида нима ҳақида гапиришган экан, деб ўйлаб қоламан.

Хуршид Нуруллаев.