Уруш қаҳрамони бобомдан 2 мингга яқин китоб - катта маънавий мерос қолган

Бобом Ҳақберди Каримов ҳақида ўйлаганимда яқинларидан ёрдамини аямаган, уларга кўпроқ нафим тегсин, деб яшаган камтарин инсон кўз олдимда намоён бўлади. У киши билан ҳамсуҳбат бўлган одам ҳаёт мазмунини теран ҳис этар, ўзида эзгу ниятларга рағбат сезарди.

Худди кечагидек ёдимда, Ўзбекистон миллий университетига ўқишга кирганимни эшитиб, “Менинг қизим эл-юртга хизмат қиладиган, унинг корига ярайдиган инсон бўлади”, деб ёш боладек қувонганди. Орадан қарийб 20 йил ўтиб одамийликни улуғлаб яшаган бобомни хотирлаб, соғинч билан қўлимга қалам олишга аҳд қилдим.

Ҳали-ҳануз Нарпайга бирор-бир иш билан бориб қолсам, “Сиз Ҳақберди Каримовнинг невараси бўласизми? У киши кўп яхшиликлар қилган”, деган тавсифларни эшитиб, кўнглим кўтарилади, ғурурланаман. Одамларнинг бу эътирофи у кишининг ҳаёти бесамар ўтмаганлигидан нишона.

Бобом 1923 йилда Нарпай туманининг Бойғозон қишлоғида, оддий меҳнаткаш оиласида туғилиб вояга етди. Ушбу туманда таваллуд топган жамоат арбоблари Бектош Раҳимов, Суюн Тўхлиев каби тенгдошлари билан Мирбозор қўрғонидаги 17-ўрта мактабни битирди. Мактабдаги таҳсилини тугатиш арафасида Иккинчи жаҳон уруши бошланди ва тенгдошлари қатори урушга отланди.

Мазкур машъум урушнинг мудҳиш тасвирини бобомнинг ҳикояларидан англаганман. Навқирон йигитларнинг балоғат дамларини ўғирлаган, ёш келинчакларнинг эрта бева қолиши, норасида гўдакларнинг етим бўлиб, бўзлаб қолишлари, айниқса аналарнинг илҳақ, йўл пойлаши, оталарнинг бекитиқча, пинҳона тўккан кўз ёшларини тасаввур қилганман...

Ҳар гал ғалаба байрами – Хотира ва қадрлаш куни келганида уруш давомида олган орден медаллари йилига бир марта бобомнинг кўксини безарди. Биз, набиралар қизиқувчанлик билан у кишининг кўксидаги орден медалларига қўл теккизиб, “буни қандай олгансиз, айтиб беринг”, деб қистардик. Бобом хўрсиниб қўярди ва илтимосимизни ерда қолдиргиси келмас, урушнинг аянчли йиллари ҳақида сўзлаб берарди:

- Урушга 18 ёшга тўлганимда кетганман. Дастлаб Шимолий Кавказ, кейинчалик Беларуссия фронтлари қўшини таркибида фашист босқинчиларига қарши курашдим. Ҳар бир кунимиз ўқ ёмғирлари остида ўтган. Бир жангда ротамиз ўта муҳим бўлган объектни эгаллаши лозим эди. Душман ҳам бўш келмасди. Бизнинг рота ботқоқлик томонга чекинишга мажбур бўлди. Жанг бир ой давом этди ва шу бир ой давомида белимизгача сувга ботган ҳолда жанг қилишга тўғри келган. Ҳаттоки, пайтаваларни ечиб қуритишга имкон бўлмаган. Дўстим Николай билан ярим тунда душман қўним топган нуқтани яксон қилишга аҳд қилдик. Ярим тунгача рота командири билан бу ишнинг режасини тузиб чиқдик ва тонгга яқин душман ДЗОТи (деревоземляная огневая точка) томон эмаклаб бордик. Ҳар биримизнинг қўлимизда бир “шода”дан граната. Белгиланган нуқтага етгач, уларни улоқтирдик. Кучли портлаш натижасида душман ДЗОТи йўқ қилинди. Кўзимни очганимда ҳарбий госпиталда эдим. Портлаш вақти тупроқ уюми мени босиб қолган, уюм тупроқ остидан фақат этигим кўриниб қолган, қуролдош дўстларим чиқариб олишган ва ҳарбий госпиталга олиб борган.

Ушбу жангдан кейин мени “За освобождение Кавказа” медали билан тақдирлашди. Бу биргина воқеа. Урушнинг ҳар бир куни шу каби воқеалар гирдобида кечган. Кўз олдингда энг яқин қуролдош дўстларингдан айрилишни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Урушнинг номи ўчсин, болаларим. Шу тинчлик кунларнинг қадрига етиб, шукроналик билан яшаш бахтига нима етсин!..

Бу ҳикояларни айтиш бобомга нақадар оғир эканлигини ўша пайтларда сезмаган эканмиз. Улғайиб, оқ-қорани таниганимиз сайин буни теран англаб етяпман.

Ғалабани бобом Польшада кутиб олган. Уруш тугагач, яна 4 йил ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) ихтиёридаги қўшинда Руминия, Ғарбий Украинада давлат душманларига қарши курашди. Лейтенант унвонига сазовор бўлди. Урушнинг қонли йўлларида кўп машаққатлар чекди. Бир марта “контузия”, икки бор оғир ярадор бўлди. Госпиталдан даволаниб чиқиб, яна жангга кирди. Унинг жасорати бир неча орден, медаллар ва яна бир қатор жанговар нишонлар билан тақдирланди.

1949 йил урушдан қайтгач, бироз вақт туман ёшлар ташкилотига раҳбарлик қилди. Кейин Тошкент шаҳрига, олий партия мактабига ўқишга юборилди. Ўқишни тугатгач, туман партия қўмитасида масъул лавозимларда ишлади ва 1971 йилда туман халқ назорати қўмитаси бошлиғи этиб тайинланди. Ушбу лавозимда ҳалол ва қатъият билан иш олиб борди. Халқ мулкининг талон-торож қилиниши, исроф этилиши, ўғирликка қарши аёвсиз курашди. Халқнинг ишончини қозонди. Давлат, халқ мулкига хиёнат қилганларга нисбатан муросасиз бўлди.

Бобом ҳақида гап кетганда у кишини билганлар, бирга ишлаганлар “Шундай лавозимларда узоқ йиллар ишлаган бўлса ҳам Ҳақберди ака бир умр оддий яшади. На уй, на машина олди, на бошқа бир манфаат кўрди...” дейишарди. Аслида у кишининг элда обрў-эътибор қозонгани боиси ҳам ана шу камтарлиги, сабр-қаноатлилиги, ҳалоллигида эди.

- Эй, болаларим, мен ҳаромнинг кетидан қувганимда катта мол-дунё эгаси бўлишим мумкин эди. Лекин виждоним олдида, одамлар олдида нима деган одам бўлардим, - дерди бобом раҳматли.

Бобом Жанғил бувим билан қўша қариб, 9 нафар фарзандни вояга етказди, уларни маърифатли, маънавиятли қилиб тарбиялади. Ушбу жуфтликнинг дунёга келиб орттирган бойлиги шу фарзандлари, элда топган обрўси бўлди. Фарзандлари ҳам ота-онасига муносиб тарзда яшаб меҳнат қилишди. Уларнинг ортидан бораётган 28 набира бугун халқнинг хизматига камарбаста. Ибратли умр деганлари шу бўлса керак-да.

Бобом ўзи маърифатли бўлгани учундир, илмли инсонларни ҳурмат қиларди. Бугун у кишидан икки мингга яқин турли мавзудаги сиёсий, бадиий китоблар бизга мерос бўлиб қолган. Ҳар гапирганида ўқиган китобларидан иқтибослар келтирар ва сўзларида ўзига хос ҳикмат мужассам эди. Ҳатто, 80 ёшдан ошганларида ҳам мактаб даврларида ёд олган Муқимийнинг “Саёҳатнома”сини ёддан айтиб берарди. Аммо лоқайдликни, бепарволикни ёқтирмасди, дунёда бўлаётган сиёсий жараёнлардан хабардор бўлиш мақсадида ҳар йили турли номдаги газеталарга обуна бўларди.

Юксак маънавият тушунчасини бобомдан ўрганганман.

Дилдора КАРИМОВА,

Навоий кон-металлургия комбинати марказий кон бошқармаси ахборот хизмати муҳаррири.