“Қалби тўла нур халқнинг ризқи ҳам тўлиқ”

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шеърларини ўқиганимда кўз олдимдан улуғвор тоғларнинг салобати, шарқираб оқаётган сойларнинг қувноқ “қўшиғи”, булбулларнинг сеҳрли наволари, тандирдан эндигина узилган ноннинг ифори бирдан намоён бўлади. Сатрлардан сатрларга кўчаётган маъно мени ҳайрат гирдобига тортади, висол таъмини илк бор шу сатрлар орқали туяман:

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғимдан гул узмаган ким бор.
Сен ҳақингда ёзиб тўрт сатр,
Сирдошига аста кўрсатиб,
Қўшни қизга бермаган ким бор.

Шоирнинг ўйлари чексиз, орзулари ҳам. Шу жумладан менинг ҳам. Уммоннинг ҳали одам чўкмайдиган саёз соҳиллари аро сузар эканман, нима қилиб бўлса ҳам бу уммон ичкарисига кириш истаги кучаяверади, бу истак чора излашга ундайди. Шоир эса аллақачон уммон ўртасига етган, маёқ бўлиб йўл кўрсатиб турган ҳазрати устозга таъзим қилиб унинг муборак қўлини олишга улгурган:

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Олтин бошнинг калла бўлгани шудир.
Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Алдангани, алла бўлгани шудир.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Беш юз йил наридан туриб авлодларига эътиқод, меҳр-муҳаббат, садоқатдан дарс бериб келаётган буюк зот қаламидан чиққан, юраги қатларида туғилиб, бутун шуури орқали ўтказилган битикларни биз, ўзбеклар ўқимасак, Африка ё Америкадаги хабаш ўқисинми?

Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам.
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадир кошона ҳам.

Шоирнинг дунё бевафолиги хусусидаги тўхтами бежизга эмас. Бу дунёда сенинг қадрингга етувчи, суҳбатига ошно этувчи, бошингга ташвиш тушганида ҳеч нарсага қарамай сени қўллагувчи, дилини дилингга боғлагувчи одам - бу дўст, ўртоқ саналади. Ана шундай мукаммал инсонни топиш шоир изланишларига сабаб бўлса, не ажаб:
Дўст қидир, дўст топ жаҳонда,
Дўст юз минг бўлса оз.
Кўп эрур бисёр душман,
Бўлса у бир дона ҳам.
Шоҳруҳ Мелиқулов,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.