Қандай васиятнома нотариал тасдиқланган васиятномага тенглаштирилади?
Қонунчиликка кўра, васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятнома нотариал тасдиқланган васиятнома ҳисобланади.
Яна шундай ҳолатлар бўладики вазият нуқтаи назаридан бошқалар томонидан тасдиқланган васиятномалар ҳам нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади.
Улар қуйидагилар:
- касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалари; фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси байроғи остидаги кемаларда сузиб юрган вақтидаги ана шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
- қидирув экспедициялари ёки шу каби бошқа экспедициялардаги фуқароларнинг ана шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
- ҳарбий хизматчиларнинг, нотариуслар бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса, бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
- озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
- нотариус бўлмаган аҳоли пунктларида яшаётган шахсларнинг қонунга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалари.
Саволга Ургут туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Умиджон Бекмухамедов жавоб берди.