Қарийб 90 миллион сўмлик уяли алоқа воситаларини ўғирлаган икки ёш йигит ушланди

Жорий йилнинг 16 майидан 17 майга ўтар кечаси номаълум шахслар Тошкент шаҳри Олмалиқ шаҳар, Амир Темур кўчасида жойлашган маиший техника дўкони эшиги қулфини калит танлаш йўли билан очиб, ғайриқонуний равишда кириб, дўконда мавжуд бўлган умумий нархи 87.889.900 сўмлик 43 дона уяли алоқа воситаларини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди  (кўп миқдордаги ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни 25 ёшли Б.М. ва 24 ёшли Д.А.лар содир этганликлари аниқланиб, Д.А.дан талон-торож қилинган уяли алоқа воситаларининг 41 донаси ашёвий далил тариқасида олинган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Б.М. ва Д.А.лар жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” бандида кўрсатилган жиноятни содир этиш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан махрум қилиш жазоси билан жазоланади.