Қайси фанларга миллий сертификат жорий қилинган?
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг Миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорида она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти), математика, биология, кимё, физика, география ва тарих фанлари бўйича сертификатлашнинг жорий қилиш муддатлари белгиланган. Бугунги кунда қарорда белгиланган барча фанлар бўйича Миллий сертификатлаш йўлга қўйилган.
Шунингдек, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб ҳуқуқ фанидан билиш даражасини баҳолаш бўйича тест синовини ташкил этиш ҳамда унинг натижалари асосида давлат намунасидаги сертификат бериш режалаштирилган.
Сертификат олиш тартиби қандай?
Юқоридаги қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, талабгор мустақил равишда белгиланган шаклдаги сўровномани https://my.gov.uz/ сайти орқали электрон равишда тўлдиради ва имтиҳон санаси ва ҳудудини мустақил равишда ўзи танлайди. Мазкур Низомнинг 7-бандида “Талабгорга сўровнома расмийлаштирилганидан сўнг ваколатли орган томонидан тест синовидан ўтиш қоидалари ва тест синовини ўтказиш санаси у ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин ЯИДХП орқали эълон қилиниши белгиланган. Яна шуни таъкидлашимиз керакки, талабгор 16 ёшга тўлмаган бўлса, ID-карта ёки хорижга чиқиш паспорти орқали рўйхатга олинади. Агар фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари томонидан Миллий сертификат олиш истаги бўлса, ушбу тоифа талабгорлар Адлия вазирлиги томонидан вақтинча рўйхатга олинади ҳамда уларга ЖШШИР рақами шакллантирилади.
Миллий сертификат олганларга қандай имтиёз берилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 646-сон қарорида “...2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби жорий этилиши” белгиланган. Қарорнинг қисқача мазмуни шуни англатадики, мазкур сертификат олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича имтиёз беради. Шунингдек, бошқа ташкилотлар ўзларининг ички ҳужжатлари асосида имтиёз қўллаётган бўлиши мумкин.
Шу ўринда умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш бўйича батафсилроқ маълумот берайлик. Яъни, Миллий тест тизимида ҳозирда А+, А, B+, B, C+, C, даражали сертификатлар берилади.
Тест натижалари халқаро методика — Раш модели асосида ҳисобланади. Унга кўра:
70 баллдан юқори балл олган талабгорга А+ даража;
65 — 69,9 балл олган талабгорга А даража;
60 — 64,9 балл олган талабгорга B+ даража;
55 — 59,9 балл олган талабгорга B даража;
50 — 54,9 балл олган талабгорга C+ даража;
46 — 49,9 балл олган талабгорга C даражали сертификат берилади.
Сертификатлар 3 йил муддатга амал қилинади. Бунда:
А+, А даражали сертификат олган абитуриентларга олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади;
B+, B, C+, C, даражали сертификат олган абитуриентларга мос равишда сертификатдаги умумий баллга нисбатан фоиз асосида олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.
Миллий сертификатга эга бўлган абитуриентга тегишли мажбурий фанлар бўйича белгиланган энг юқори балл берилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги 652-сон қарорига мувофиқ мусиқа маданияти фани ва жисмоний тарбия фанини билиш даражасини аниқлаш бўйича A+, A, B+, B, C+, C даражали сертификатлар берилиши ҳам йўлга қўйилди.
B+ ва ундан юқори даражали сертификат олган ўқитувчига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ойлик маошига устама берилади.
Бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат жорий қилиндими?
Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу тизим бўйича умумтаълим фанларини билишнинг маълум даражадаги сертификатларга эга бўлиш орқали тегишли вазирлик қарорлари асосида ўқитувчиларга устама белгилаш амалиёти йўлга қўйилган. Айнан бошланғич таълим ўқитувчилари учун 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб миллий сертификат бериш тизими амалиётга жорий этилиши режалаштирилган. Ҳозирда меъёрий-ҳуқуқий жиҳатлари ишлаб чиқилмоқда.
Миллий сертификатни сотиб олса бўладими?
Бундай мазмундаги маълумотлар қулоққа чалиниб туради, буни табиий ҳол деб тушуниш керак. Тизимда шаффофлик, адолат ва холисликни таъминлаш мақсадида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, ҳар бир ходим Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳузурида ташкил этилган “Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш” ўқув курсларида малакасини ошириб, тегишли сертификатларга эга бўлишган. Бундан ташқари, ўтказилаётган тест натижалари таҳлили халқаро ҳамкорлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Бир қанча давлатлар агентлик томонидан йўлга қўйилган тестларни ўз давлатларида биргаликда йўлга қўйиш бўйича ҳам келишувлар имзолаш устида ишлашяпти. Фуқаролар тизимдаги коррупцияга оид маълумот, мурожаатларни қабул қилиш учун расмий мурожаат, таклиф ёки шикоят юбормоқчи бўлса, қуйидаги манбадан https://murojaat.gov.uz фойдаланиши ёки Ишонч телефонига (1195) 71-235-19-14 қўнғироқ қилиши мумкин. Агар абитуриентларга миллий сертификат олиб беришни ваъда қилишса ёки ўқишга киришда коррупция омилларини келтириб чиқарувчи вазиятлар ёки ҳолатларга дуч келсалар, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари мумкин.
Воҳид СИРЛИБОЕВ,
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи.