Самарқандда умумтаълим фанларидан миллий сертификат учун кимё фанидан тест синовлари бошланди

Бугун, 11 май куни СамДУда кимё фанидан миллий сертификатлаш тизими учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.

2021-2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби жорий этилади.

 Талабгор тест топшириқлари китобида 4 та бўлим мавжудлигига эътиборини қаратиши шарт, бунда:

1-бўлим – умумий кимё бўйича тест топшириқлари;

2-бўлим – анорганик кимё бўйича тест топшириқлари;

3-бўлим – органик кимё бўйича тест топшириқлари;

4-бўлим – лаборатория машғулоти бўйича тест топшириқлари.

Тест синовлари учун ажратилган вақт (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 180 дақиқани ташкил этади.

Сертификат тест натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини олган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

Эслатма: эртага, яъни 12 май куни биология фанидан тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган талабгорларга тест синовлари бўлиб ўтади.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими ахборот хизмати.