Ишдан бўшатилган фуқаронинг нафақаси ундириб берилди

Нарпай тумани адлия бўлимига туманнинг “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро С.Х. мурожаат қилиб, ишдан бўшатиш нафақасини ундиришда ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, фуқаро Нарпай туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида бош мутахассис вазифасида ишлаб келган ва 2022 йилнинг 27 апрелида у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бироқ фуқарога ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаган.

Адлия бўлими мурожаат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Аниқланишича, С.Х. билан тузилган меҳнат шартномаси вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармасининг жорий йил 29 апрелдаги 163-сон буйруғига кўра, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига асосан бекор қилинган. Аммо меҳнат шартномаси бекор қилиниши муносабати билан фуқарога ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаган.

Меҳнат кодексининг 109-моддаси биринчи қисмига биноан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган, ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда, ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қиладиган ҳолларда бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ходимнинг айби билан бузилган ҳоллар бунда инобатга олинмайди.

Агар ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилинса, ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади.

Юқоридагиларга асосан Нарпай тумани адлия бўлими томонидан туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдимнома киритилиб, С.Х.га меҳнат шартномаси бекор қилиниши муносабати билан ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда жами 2 625 550 сўм ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб беришилиши таъминланди.