Қинғир йўл билан топилган бойлик татимади

Ургутлик Низомиддин, Рустам ва Шерзод ҳам ана шундай кимсалар сирасига киради. Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ оғир муносабат оқибатларини билса-да, нафс йўлида бу йигитларнинг кўзига ҳеч нарса кўринмади. "Оғу" савдосини ўзларига касб қилишди.
Низомиддин аввал ҳам судланган. Афсуски, бундан тўғри хулоса чиқармади ва яна жиноят йўлини танлади. Дастлаб у танишидан 8 килограмм опий гиёҳвандлик моддасини харид қилиб, мижоз топиб, сотди. Анчагина фойда кўрди. Орада Тожикистон Республикасидан янги таниш, шериклар орттирди. Бу эса унинг "бизнес"и янада ривожланишига хизмат қилди. Унга Рустам, Низомиддин яқиндан ёрдам берди. 

Бир гал 15, кейин эса 30 килограмм опий гиёҳвандлик моддасини қўшни давлатдан қабул қилиб олган бу жиноий гуруҳ уни сотиш орқали катта даромад кўрди. Уч йил давомида бу каби ноқонуний савдо оқибатида нафс гирдобига ғарқ бўлишди. Шаҳар марказидан уй, қўша-қўша машина ва тадбиркорлик учун нотурар жойлар сотиб олишди. Аммо не-не инсонларнинг мусибати, оила парокандалиги, етим қолган болалар кўз ёшлари эвазига келган бойлик татимаслигини улар кеч англашди.
Низомиддин, Рустам ва Шерзод навбатдаги ноқонуний савдони амалга ошираётганда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Жиноятчилар суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Феруза НАРЗУЛЛАЕВА.