Қирғизистон делегацияси Самарқандда

Меҳмонлар дастлаб Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Юртбошимиз руҳи покларига ҳурмат бажо келтирилди. Мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, маҳобатли мақбара, миллий услубдаги айвон ва бошқа иншоотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 

Шундан сўнг Қирғизистон делегацияси вакиллари Ислом оламининг буюк вакили Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдилар. Шунингдек, Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси ва Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларда бўлишди. Меҳмонларга осори-атиқалар тарихи, шаҳарда кейинги йилларда олиб борилган бунёдкорлик-ободончилик ишлари ҳақида ҳикоя қилинди.

Меҳмонларга вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев ҳамроҳлик қилди.