Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ун ва нон нархи ошганига расмий изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда, ун ва нон маҳсулотлари нархи ошаётгани ва нархларнинг тез орада "ўз жойига қайтиши" ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, аҳолини ун маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида ҳар йили мамлакатимизда 8 миллион тонна атрофида буғдой етиштирилмоқда. Талаб эса 104,4 фоизни ташкил этади.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган деҳқон бозорларидаги нархлар ўрганилган.
Бозорлардаги чакана савдода Россия ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган “365 кун”, “Турон”, “Мутабар”, “Олтин дон”, “Makfa” номдаги ва бошқа олий ва 1-навли ун қадоғига қараб 5000 сўмдан 7500 сўмгача сотилаётган бўлса, улгуржи савдода 5000–7000 сўмни ташкил этмоқда.
Бу нарх ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 200-300 сўмга ошганини (жойларда савдо расталарида эркин нарх белгиланиши оқибатида бундан ортиқ даражада ошганини) кўрсатади. Бунинг сабабларидан бири, Россия ва Қозоғистондан кириб келаётган маҳсулот айланмаси хорижий валютада амалга оширилиши натижаси ҳисобланади.
Бундан ташқари, Қозоғистон томони ун тегирмонларида мавсумий техник кўрик ва санитар тозалаш ишларига корхоналарини 15 кунга профилактикага ёпиши ҳақидаги эълон ҳам нарх беқарорлигини келтириб чиқарувчи омиллардан бири бўлди. Бу ҳар йили бўладиган мавсумий тебраниш ҳисобланиб, ўтган йилнинг мос даврида ҳам айни ҳолат кузатилган. 20 кунлик ҳисоботда нархлар нафақат ўз жойига қайтган, балки, тушиш тенденциясини ҳам кўрсатган. Буни бозоримиздаги вазият таҳлили ҳам тасдиқлайди.
Ҳақиқатан, Қозоғистон ички бозорида нарх ошган ва бу ғалла ўрими бошланаётгани билан изоҳланади. Яъни, ўримга қадар омборларда қолган буғдой сотувда камайган. Бундан россиялик трейдерлар ҳам фойдаланиб, вақтинчалик имкониятлар дарчасида нархларни оширди.
Аммо Чикаго биржа бозорида келгуси йил учун ғалла шартномасининг нархи анча пасайиб кетган. Шунга қарамай, Қозоғистонда ўрим бошланиб, ҳосил йиғиб олингач, нархлар барқарорлашиши прогноз қилинмоқда. Айни кунларда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ўрим кечикмоқда.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотларининг улгуржи нархи эса, 4000–4500 сўмни, чакана савдода 5000–6000 сўмни ташкил этмоқда. Бу нархлар август ойига нисбатан нарх ўсиши ҳамда аҳоли томонидан ажиотаж мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда, асосий турдаги озиқ-овқат нархлари мониторинги бўйича ҳудудий штаблар ташкил этилиб, бозорлардаги ва савдо расталаридаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини мониторинг қилиш ҳамда нархларнинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Нархнинг ўсиши, тахминларга кўра, экспортёр мамлакатлардаги корхоналарнинг мавсумий санитария тозалаш учун ёпилиши, шунга ўхшаган хабарлар фонидаги тебранишларнинг ўз-ўзидан бўлиб кетаётгани ачинарли ҳол, албатта. Одатда бу бошқа сегментларда ҳам кузатилади.