Ун нархининг ошиб кетиш ҳолатлари ўрганилмоқда

Telegram ижтимоий тармоғидаги каналларда ва маҳаллий ОАВда “Солиқчиларнинг олибсотарлар билан тили бирми?” сарлавҳаси остидаги мақола эълон қилинди.

Давлат солиқ қўмитаси ушбу мақола юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Карантин даврида (16 март-20 апрель) Давлат солиқ қўмитасида ташкил этилган ШТАБга ун нархининг асоссиз оширилиши юзасидан 9 мингдан зиёд мурожаат келиб тушиб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи жойида ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, бундай ҳолатларнинг аниқланишида ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган аниқ фактли маълумотлар ҳам асқотмоқда, албатта.

"Аммо юқоридаги мақолада қайд этилган ҳолат айнан қайси бозорда, қачон содир бўлганлиги маълум қилинмаган. Шу боис масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб, профессионал жиҳатдан ёндашган ҳолда, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмай, аниқ фактлар билан тақдим этилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шундагина ушбу ҳолат бўйича аниқ фактлар асосида тегишли профилактик ва назорат тадбирларини ташкил этиш имконияти пайдо бўлади", дейилган муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат топшириғига асосан, “Ўздонмаҳсулот” АК тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун учун 125 минг сўм нарх  белгиланган.