Қишлоқдаги бир учрашув кўплаб фикрларга туртки берди
Ижодкорларнинг чекка ҳудудлардаги учрашуви шунчаки расмиятчилик эмас, ўша қишлоқ аҳли кутган дилдан, маънавий суҳбатга айланади.
Яхши биламиз, зиёли инсон қаерда яшамасин, жамиятдаги ислоҳотлар, илм, ижоддаги янгиликлардан бохабар бўлишни истайди. Шунинг учундир, жамият қозонида пишиб, вилоят, мамлакат ижтимоий иқтисодий, маънавий ҳаётидаги паст-баландликларни кўриб юрган ижодкорларнинг қишлоқ ҳудудлардаги мулоқоти зиё истаган инсонлар ташналигини қондиришдай гап.
Ургутдаги Мўминобод қишлоғида таниқли тарихчи олим, археолог Амриддин Бердимуродов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир Фармон Тошев билан ижодий учрашув мана шундай кутилган мулоқотга айланди.
Унда А.Бердимуродов ўзининг Самарқанд тарихига бағишланган "Сатрларга сочилган ибрат" китоби яратилиши ва унда келтирилган ибратли воқеалар хусусида сўз юритди.
Ф.Тошев мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳияти ҳамда уларнинг самараларига тўхталди. Тўпланганларга ўзининг янги шеърларидан ўқиб берди, маҳалла зиёлиларига ўз китобларидан ҳадя қилди. Айтиш керакки, бундай жонли мулоқотлар оила ижтимоий муҳитига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, кейинги йилларда қишлоғимизда илмга интилаётган ёшлар тобора кўпаймоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Иккита ёрқин мисолни келтирай. Ёш муаллимларимиз Насим Рўзимаҳматов ва Мирзоҳид Йўлдошев олийгоҳни битириб келиб, ўз қишлоғида ўқувчиларга математика ва инглиз тилидан сабоқ бераётир. Шу сабабли бу фанлардан халқаро сертификат олаётганлар, олимпиадада ғолиб чиқаётганлар кун сайин кўпаймоқда. Хусусан,100 нафар ўқувчининг ярми шундай сертификатга эга бўлмоқда. Бир пайтлар бизда қизлар орасида олий таълим даргоҳида ўқийдиганлар саноқли эди, ҳозир уларнинг сони кескин ўсди.
Қишлоқдошимиз, тажрибали кардиолог, олий тоифали шифокор Файзулла Мардонов эса Самарқанддаги 40 йиллик фаолиятидан сўнг ихтиёри билан маҳалладаги оилавий поликлиникага маслаҳатчи бўлиб келиб, ёш ҳамкасбларига маҳорат сирларини ўргатяпти.
Маҳалла раиси Обид Норбоев оилаларда ота ўрни йўқолмаслиги, бу қадрият эканлиги билан бирга, оилалардаги хотиржамлик гарови эканини доим таъкидлаб келади. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бўлгани сингари, бизнинг қишлоқда ҳам ота-оналарнинг фарзанд таълим-тарбиясига эътибори ошаётганини, ўзлари ҳам замон билан ҳамнафас ҳаракат қилаётганини кузатиш мумкин. Қишлоғимизга ташриф буюрган меҳмонлар билан фикрлашар эканмиз, ўзимизга, ютуқ, камчиликларимизга ҳам бир назар ташладик.
Мавлон Раҳмонқулов, ижодкор ўқитувчи.