ҚИШЛОҚҚА КИНО КЕЛДИ
Бу гап қулоққа бироз ғалати эшитилади-а. Айниқса, ёшлар “қишлоққа қанақа кино келади, ҳамма кино телевизорда, интернетда-ку” дейиши табиий. Тўғри-да қишлоқларимизда кинотеатр бўлмагач, бир пайтлари бўлганлари ҳам бугун бузилиб кетган ёки бошқа мақсадларда фойдаланилаётган бўлса, улар қишлоққа кино келишини қаердан билсин. Билганлар – катта авлод вакиллари ҳам буни унутиб юборганига анча бўлди.
Лекин бугун мамлакатимизда инновацион кинотеатр – “Киномобиль” фаолияти йўлга қўйилгач, олис қишлоқларда ҳам энг янги кинофильмларни намойиш этиш учун имконият яратилди. Мазкур мобиль кинотеатр Самарқанд вилоятида энг сара фильмларни томошабинлар ҳукмига ҳавола этишни бошлади.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижроси юзасидан амалга оширилаётган бу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад аҳолининг, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун кенг имконият яратиш, маданияти ва маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшишдан иборат, – дейди Республика “Кинопрокат” давлат унитар корхонаси Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ф.Розиқов. – MAN автомобилига ўрнатилган мобиль кинотеатрда томошабинлар учун ҳар томонлама қулай шароит мавжуд. Инновацион мобиль кинотеатр энига 6 метргача кенгаяди ва 80 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Ушбу кинотеатрда томошабинлар замонавий рақамли форматда миллий ва жаҳон кинофильмларини томоша қилишлари мумкин.
Жомбой тумани ёшлари бугун ушбу мобилкинотеатрнинг илк томошабинлари бўлди. Улар учун “Скорпион”, “Элпарвар”, “Снайпер” бадиий ҳамда “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” ҳужжатли фильмлари намойиш этилмоқда