Нурободда АҚШ, Хитой компаниялари ҳамкорлигида “Кино шаҳар” қурилади
Президентимизнинг “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Ялангтўш Баҳодир ҳақида фильм суратга олиш борасида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги билан меморандум имзоланган эди. Бугунги кунда режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ҳамда тарихчи олимлар ҳамкорлигида маълумотларни тўплаш ишлари бошлаб юборилди. Шу мақсадда бир неча маротаба ижодий учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, аллома Имом Бухорий, пахтачилик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Қудрат Суюнов ҳақида фильм суратга олинмоқда. Россия киноижодкорлари томонидан “Қуёш таъми” фильми, АҚШнинг “GlobaI DigitaI Heritage” компанияси томонидан Самарқанддаги тарихий биноларнинг суратга олиниши, албатта, халқаро ҳамкорлик зарур эканлигини кўрсатади. Тошент халқаро кинофестивалининг ўтказилиши эса халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади ҳамда кино соҳаси ривожида халқаро ҳамкорликнинг ўсишига олиб келади.
Шу билан бирга, вилоятдаги кинозалларнинг моддий-техник базаси яхшиланмоқда. Эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолган бинолар қайта қурилмоқда ёки таъмирланмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчасида, 300 ўринли 3 та кинозал ва Уста Умар Жўрақулов кўчасида 300 ўринли 3 та кинозал қурилиши ҳамда Суғдиёна массивида “Family Park” савдо кўнгил очар мажмуасида 430 ўринли 4 та зал қурилиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи” кинотеатри капитал таъмирланиб, Қорасув массивида икки қаватли замонавий кинотеатр қурилмоқда. “Vendo group” компанияси томонидан Нуробод туманида 160 гектар майдонда АҚШнинг “Daha USA Group” ва Хитойнинг “Yiwu Compass Tradinq” компаниялари билан ҳамкорликда барча қулайликларга эга бўлган “Кино шаҳар” қурилиши ҳам режалаштирилган.