"Қисман сафарбарлик", мамлакатни тарк этаётган россияликлар ва Патриарх мурожаати
Россия президенти 21 сентябрь куни эълон қилган қисман сафарбарлик мамлакатда бир ҳафтадан бери давом этмоқда. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги 300 минг захирадаги аскарни армияга жалб қилмоқчи. Россия томонидан аннексия қилинган Брянск вилояти ва Қрим ҳукумати аллақачон сафарбарлик режасини 100 фоизга бажаргани ҳақида ҳисобот берган.
Бир вақтнинг ўзида тинч аҳолининг нотўғри сафарбар қилингани, жиҳозлар етишмаслиги ва уруш зонасига юборилгунга қадар минимал тайёргарлик ҳақида хабарлар бор.
Патриарх Кирилл россияликларни охир-оқибат Украина билан муросага олиб келувчи “руҳий сафарбарликка” чақирди. Аввалроқ хутбада у ҳарбий бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлиш гуноҳларни ювишини айтган, бу эса Россия жамиятида кучли реакцияга сабаб бўлган эди.
Расмийлар ҳаракатларига норози россияликлар қаршилик билдиришда давом этмоқда. Бугунги кунга қадар қарийб 2,5 минг киши ҳибсга олингани БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасида хавотир уйғотди.
Айни пайтда ўн минглаб россияликлар армияга чақирилмаслик ва урушга жўнатмаслик учун мамлакатни тарк этмоқда. Қозоғистонга 100 000 га яқин, Грузияга ҳар куни тахминан 10 000 га яқин, Финляндияга эса 30 000 дан ортиғи жўнаб кетмоқда. Россия ҳукумати эса чегараларни ёпиш ниятида эмаслигини ва бошқа давлатлардан чиқиб кетган фуқароларни қайтаришини талаб қилмаслигини билдирди.
Бу орада Оқ уй сафарбарликдан қочган россияликлар Қўшма Штатлардан бошпана сўраши мумкинлигини билдирди.
Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер маълум қилди. "Биз фуқаролигидан қатъи назар, улар АҚШдан бошпана сўраши мумкинлигига ишонамиз ва ҳар бир ариза алоҳида кўриб чиқилади", деди Жан-Пер.
Аввалроқ Германия расмийлари маълум шароитларда Россия армиясидан қочганларга ва “Путин режимига қарши бўлганларга” бошпана беришга тайёрлигини маълум қилган эди.