Қисқа видеолар - мия учун хавфли
![](https://static.zarnews.uz/crop/f/b/720__80_fb91102252ac5311d59accb476f6ab43.jpg?img=self&v=1738931593)
Қисқа видеолар мияга жуда салбий таъсир кўрсатади, бундан ташқари, улар қарамликни келтириб чиқаради. Хитой Тяньцзинь педагогика университети олимлари ўз тадқиқотлари натижаларига кўра, ана шундай хулосага келишди.
Ғарб ОАВларининг ёзишича, тажрибада 111 киши иштирок этган. Синалувчиларнинг вазифаси кунига ўртача 95 дақиқа вақтини олган қисқа видеоларни томоша қилишдан иборат эди. Натижалар ҳатто олимларни ҳайратда қолдирди.
Маълум бўлишича, бундай ҳаракатлар одамларнинг идрок этиш, атрофдаги воқелик ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиш, диққат, хотира ва нутқ учун жавобгар - когнитив қобилиятини пасайтирган.
Тадқиқотчилар икки ой давомида қарор қабул қилишда иштирок этадиган мия олд қобиғи ҳудудидаги кулранг модда ҳажми 2,3 фоизга камайганини шундай изоҳлаб беришди.
Бундан ташқари, уйқу билан боғлиқ муаммолар қайд этилиб, уйқуга кетиш вақти 40 фоизга кечикди. Уйқу сифати ҳам 30 фоизга пасайди, тажриба иштирокчиларининг ярмида сурункали уйқусизлик пайдо бўлди. Бунга қўшимча диққатни жамлаш қобилияти ҳам сезиларли даражада пасайди.
Шунингдек, қисқа видеолар томошасининг ҳиссий таъсирчанлик каби салбий таъсири ҳам аниқланди. Иштирокчиларнинг 64 фоизида хавотирлик ҳисси пайдо бўлди, 50 фоизи эса дори-дармонлар билан даволанадиган депрессияни бошдан кечирди.
Олимлар қисқа видеолар доимий томошаси қарамлиги 2-3 ой ичида шакллантириши ҳақида гапиради. Уларнинг фикрига кўра, ҳатто олти ойдан кейин ҳам мияни тиклаш жуда қийин кечади.