Қитмир камчилик излайди, закий янги марраларни кўзлайди

Бошқа юртдошларим қатори давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишларини диққат билан тинглайман ёки босма нашрлардан топиб ўқийман. Менимча, Сиз ҳам шундай қиласиз. Аммо масаланинг муҳим жиҳати шундаки, ундан ҳар ким ўзи истаганини топади. Қитмир одам камчилик излайди, закий инсон янги марралар, истиқбол режаларни кутади, шубҳасиз.
Билмадим, менга шундай туюлади - президентимизнинг ҳар бир чиқиши олдингисини тўлдириб боради. Мисол учун, давлатимиз раҳбари Учинчи Ренесанс қуриш ҳақида гапирганида мийиғида кулганлар ҳам бўлди. Буни тушунмаганлар, баланпарвоз гап сифатида талқин қилганлар ҳам етарли. Шуниси аниқки, улар “Янги Ўзбекистон” газетасига берилган интервью билан танишгач, сўз тополмай қолишди. Чунки интервью давомида янги уйғониш даври қандай бўлиши ва унга қай тариқа ўтишимиз оддий сўзлар билан, содда тилда тушунтириб берилди.
Умуман, давлатимиз раҳбарининг барча чиқишларини боғлаб турувчи бир қизил чизиқни кўраман. Яъни, илмдан бошқа нажот йўқлиги турли ракусларда, аниқ исботи билан таъкидлаб келинади.
Яшириб нима қилдик, мустақилликнинг дастлабки йилларида биз илмдан, фандан бирмунча узоқлашдик. Оиламизда илмий даргоҳда меҳнат қиладиган кўп бўлгани учун ўзаро суҳбатларда тизимда изланиш, янгилик яратишга иштиёқ, қизиқиш пасайиб бораётгани бот-бот такрорланарди. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Негаки, илм билан шуғулланиш, фан бўйича изланиш ҳеч бир манфаат келтирмасди. Оддий айтганда, бу ишдан қора қозонга тушгулик бирор нима умид қилиб бўлмай қолганди. Шукурки, кейинги 4-5 йилда бу масала анча тартибга келди. Олим одам ўзини илм улашишга, умрини фанга бағишлашдан қўрқмайдиган бўлди.
Ёки магистратурада ўринлар сони оширилди, кўплаб грантлар эълон қилинди. Бу каби янгиликлар, ижобий ўзгаришларга кўплаб мисол келтириш мумкин.
Муҳими, бугун юртимизда бутунлай янгича илмий-маърифий муҳит пайдо бўлди. Мазкур нутқда давлат ва жамият тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашда соғлиқни сақлаш, илм-фан ҳал қилувчи ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
Фикримча, давлатимиз раҳбари қуйидаги гапи биз, зиёлиларнинг фаолиятимизни қайта кўриб чиқишга, ўз устимизда кўпроқ ишлашга даъват бўлди: “Агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради”.
Ҳамон ўйлайман, ўзимга савол бераман: таълим тизимининг энг юқори босқичида шу гапларга мос меҳнат қиляпманми? Аввалгидан ўзгаряпманми? Фаолиятим бугунги кун талабларига жавоб берадими?
Бошқа соҳаларда бўлгани каби илм-фанда ҳам рақобат қандай кескин тус олиб бораётганини кўриб турибмиз. Бу шиддатли рақобатга фақат замонавий ёндашув, тинимсиз изланиш орқали муносиб жавоб бера оламиз. Зеро, зулмат нолишдан чекинмайди, зиё билан даф қилинади.
Д.ИСЛАМОВА
СамДУ ассистент-ўқитувчиси.