Қизлар нега эрта балоғатга етяпти, фарзандсизликка эркаклар кўпроқ сабаб бўляптими, жинсий ҳаёт ҳақида ёшлар қачон билиши керак?

Аёл киши соғлом фарзанд кўриши ҳақида неча ёшдан бошлаб қайғуриши керак? Эркаклар-чи? Улар ҳам бу масалада турмуш қуришдан олдинроқ ўйлаб кўришлари керакми? Умуман, кейинги йилларда фарзандли бўлиш, шунинг баробарида бу масаладаги муаммолар нималардан иборат? Нега турмуш қураётганлар орасида фарзандли бўлиши анча чўзилаётган ҳолатлар кўпайган? Бу ҳақда республика аҳоли ва репродуктив саломатлик маркази Самарқанд филиали раҳбари Умида Бобораҳимова билан суҳбатлашдик.

- Ҳар бир инсоннинг турмуш қуришдан асосий мақсади бахтли ҳаёт кечириш ва фарзандли бўлиб, уларнинг камолини кўришдир, - дейди У.Бобораҳимова. – Афсуски, аксарият ҳолларда ёшлар турмуш қургандан сўнггина фарзанд кўриш ҳақида ўйлай бошлайди. Ваҳоланки, ота-она ҳар бир фарзандининг у хоҳ ўғил, хоҳ қиз бола бўлсин, унинг репродуктив саломатлигига болаликдан эътибор бериши лозим.

– Дейлик, болаликда фарзандига қаровда қайси жиҳатлар келгусида бу борадаги саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкин?

- Бу саволга жавоб беришдан олдин баъзи фактларни келтириб ўтиш лозим. Айни кунларда вилоятда 11 мингга яқин ёш оилада фарзанд кўриш билан боғлиқ муаммо бор. Бу рақам ҳам нисбий. Сабаби, ушбу рақамда фақатгина марказга мурожаат қилган оилалар рўйхатга олинган. Булардан ташқари, турли хусусий ва бошқа клиникалардан муолажа олаётган ёки табибларга қатнаётган оилалар қанча. Агар уларнинг ҳаммаси жамланса, кишини ўйга толдирадиган рақамлар келиб чиқади. Энг ёмони, бу рақамлар йилдан-йилга ошиб бормоқда. Яхши биласиз, бизнинг оилаларда фарзандли бўлиш кечикиши билан шу оиланинг катта ёшли кишилари биринчи навбатда келинни кўрикка жўнатади. Келин ҳам бир нечта гинеколог тавсиясига кўра даволаниб юраверади. Келин-куёв бирдан текширувдан ўтиши кераклиги ҳақида жуда кеч ўйлашади ва баъзи ҳолларда вақтдан ютқазишади. Афсуски, кейинги йилларда эркаклар бепуштлиги туфайли фарзанд кўриш муддатининг кечикиши ҳолатлари ҳам кўпаяяётир. Хусусан, юқорида келтирилган 11 минг оиланинг 30 фоизида фарзанд кўришдаги муаммоларга эркак киши сабабчи. Бунинг кўплаб сабаблари бор.

Олимлар фикрича, бугун айниқса ўғил болаларда саноат усулидаги тагликлардан доимий равишда фойдаланиш зарарли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, болаликда тепки хасталигига чалинганларни шунчаки табиблар ёрдамида даволаш, уяли телефонни чўнтакда олиб юриш каби қатор ҳолатлар ҳам келгусида фарзандли бўлишда муаммолар келтириб чиқаради.

Қизларни ўз вақтида текширувдан ўтказмаслик, балоғатга етган пайти ҳайз циклидаги ўзгаришларга бепарво бўлиш, шу пайти бўладиган оғриқларга «ўтиб кетади», қабилида қараш эса қизларнинг келгуси муаммоларига сабаб бўлиши мумкин.

-  Бир пайтлар гинекологга қизларни олиб боришга аҳоли томонидан ўзига хос бир табу, яъни ички таъқиқ қўйилганди. Ҳозир бу бироз йўқолди. Бунга кейинги йилларда шаҳар, туман поликлиникаларида ташкил этилган аёллар маслаҳатхонаси ва қизлар саломатлик марказларининг очилгани ҳам туртки бўлди. Шундай эмасми?

- Албатта. Ушбу марказларнинг ташкил этилишидан сўнг оналар қизларини акушер-гинеколог хонасига эмас, балки қизлар хонасида кўрикдан ўтказиш учун олиб келмоқда. Марказ ходимлари томонидан қизларнинг доимий равишда кўрикдан ўтказилиши, афсуски, улар ўзлари гумон қилган, аммо мурожаат қилмай юргач аниқланмаган хасталикларни чиқариб берди. Мисол учун, шу йилнинг уч ойи давомида вилоятдаги 11 мингдан зиёд ўсмир қиз тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса, уларнинг минг нафардан кўпроғида турли касалликлар аниқланди. Ушбу хасталикларнинг 161 таси гинекологикдир. Уларнинг 200 нафари ҳудудларда даволанган. 10 нафарига тезкор жарроҳлик амалиёти қўлланилиши зарурлиги туфайли вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанди. Қизларда ўсмир ёшиданоқ турли кисталар, эндометриоз каби касалликларнинг аниқланиши ташвишланарли.

- Илгари бу касалликлар 30-40 ёшдан ошган, асосан фертиль ёшидан ўтган аёлларда аниқланарди. Бу хасталикларнинг кескин «ёшараётган»ига сабаб нима деб ўйласиз?

- Кейинги йилларда болаларнинг балоғатга етиш даври ҳам анча ёшарди. Илгари бу ўртача 14-15 ёшда кузатилган бўлса, бугунга келиб 10 ёшли қизларнинг балоғат даврини бошидан кечираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу эса оналарнинг фарзандларига кўпроқ эътиборли бўлишларини талаб этади. Оналар қизлари, оталар ўғиллари билан бу масалада очиқча гаплашиб, уларнинг бу пайтда тўғри йўл тутишларига ёрдам беришлари керак. Хусусан, ҳайз пайти қизларнинг оғир кўтармаслиги, ўзини авайлаши зарур бўлади. Афсуски, бобо-бувилар қўлида қолиб кетаётган, шунингдек, нотинч оилаларда ўсаётган ўсмирлар билан бундай суҳбатлар бўлмайди, фарзандлар суянчиқ ҳис этмаслиги ҳам уларнинг саломатлигига, руҳиятига кескин таъсир ўтказмоқда.

Бу масалада яна бир ҳолат, қизлар бугун жисмоний тарбия машғулотларида умумий тарзда қатнашаётгани, улар учун аёл муаллималарнинг йўқлиги ҳам муаммоларга сабаб бўляпти. Юқорида айтганимдай, қизлар ҳайз пайти ҳам жисмоний машқлар бажариши уларнинг саломатлигига путур етказади.

- Сиз юқорида фарзанд кўришдаги муаммоларнинг 30 фоизида эркаклар сабаб бўляпти, дедингиз. Аммо марказ томонидан фақат қизлар тиббий кўрикдан ўтказиладими?

- Афсуски, шундай. Тўғри, таълим муассасаларида суҳбатлар олиб борилганда қизлар ва ўғил болаларга алоҳида маърузалар ўқиймиз. Аммо кўрик фақат қизлар учун. Йигитлар ўртасида ҳам кўрик олиб бориш таклифини берганмиз. Таклиф маъқулланиб, мутахассис ажратилса, албатта кўрикни бошлаймиз.

- Яқинда ижтимоий тармоқларда масъул шахсларнинг мактабларда жинсий тарбия фани ўқитилиши керак, деган таклифи ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди. Сиз репродуктолог шифокор сифатида бу таклифга қандай муносабат билдирасиз?

- Биласизми, марказ очилгандан бери биз таълим муассасаларида қизлар, ўғил болалар саломатлиги, балоғат даври билан боғлиқ маърузалар ўқиймиз, йигитлар, қизлар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлар олиб борамиз. Бугун, интернет ривожланган, энг чекка ҳудудларда ҳам дунёнинг исталган сайтларидан маълумот олиш мумкин бўлган бир пайтда ўсмир-ёшларнинг бу борада тушунчаси йўқ, деган қарашларнинг ўзи нотўғри. Аммо ҳамма гап шундаки, улар интернет орқали қандай маълумотларга эга бўляпти, тўғрими, нотўғрими, буни ҳатто фарзандларнинг ота-онаси ҳам билмайди.

Кўриклар давомида 7-синф қизлари орасида туғруқ ҳолатлари аниқланяпти. Туманларда ўтказилаётган учрашувларда ўсмир йигитлар шунақа саволлар беряптики, бу саволлар орқали улар жинсий ҳаёт ҳақида аллақачон нотўғри тасаввурга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Бу ҳақда ёшларга тўғри ва зарур бўлган маълумотларни бериб бориш керак, деб ўйлайман. Энг қизиғи, яқинда ўтказилган сўровда 93 фоиз ўсмир қизлар, 83 фоиз йигитлар жинсий ҳаёт ҳақида маълумотга эга бўлишни истайман, деган фикрни билдирган. Ўсмирларни нотўғри маълумотлардан асраш учун ҳам уларга тушунча бериш, диний, дунёвий нуқтаи назардан оилавий, жинсий ҳаёт ҳақида мукаммал дарс бўлиши керак.

- Суҳбатингиз учун раҳмат!

Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.