Қонунчиликдаги ўзгаришлар: Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда янги тартиб ўрнатилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 12 сентябрь куни “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда маҳсулот етиштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш ва еридан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–172-сонли Фармон имзоланди.

Фармоннинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона, самарали ва узлуксиз фойдаланишни йўлга қўйиш, бўш турган ерларни тезкор ҳисобга олиш ва уларни онлайн ауционлар орқали реализация қилиш, шунингдек, қайта ижарага бериш тартибини соддалаштиришдан иборатдир.
Ҳужжатга мувофиқ, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳудудида мавжуд бўш ерлар 10 кун муддатда давлат ер кадастрида қайд этилади ва яна 10 кун ичида электрон ауцион савдоларига чиқарилади. Ауционлардан тушган маблағлар эса ҳудудий инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш ва янги ерларни ўзлаштиришга йўналтирилади.

Фармон билан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини қисмларга бўлиб қайта ижарага бериш ҳуқуқи жорий этилди. Эндиликда ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ерларнинг бир қисмини бошқа шахсга ижарага бериш мумкин бўлади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерларига фақат ижара ҳуқуқи тан олиниши қатъий белгиланди.
Ижара муддати Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг ташкил этган корхоналари учун 30 йил, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар учун эса 25 йил этиб белгиланди.