“Қопқоғи йўқ “қопқон” хабарига жавоб келди, аммо қудуқ ҳамон ёпилмади

18 февраль куни @zarafshonbot телеграм каналида Самарқанд шаҳридаги Ибн Сино ва Даҳбед кўчалари кесишмаси (эски Гелион) олдидаги пиёдалар йўлаги қаршисида очиқ турган алоқа кабеллари ўтказилган қудуқ, унинг нафақат катталар, балки шу атрофдаги болалар боғчаси тарбияланувчилари ҳаёти учун хавфли экани ҳақида “Қопқоғи йўқ “қопқон” сарлавҳали хабар эълон қилинган эди.

Таҳририятимизга “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Самарқанд шаҳар телекоммуникация боғламаси бошлиғи Т.Султонов имзоси билан жавоб хати келди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

“Самарқанд шаҳридаги Ибн Сино ва Даҳбед кўчалари кесишмаси (эски Гелион) олдидаги қудуқ яроқсиз ҳолда ва унинг қопқоғи йўқлиги юзасидан аниқланган камчиликлар ҳолати бўйича корхонамиз мутахассислари томонидан ўрганиш олиб борилди. Унда ушбу қудуқ “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Самарқанд шаҳар телекоммуникация боғламасининг алоқа линияларидаги алоқа қудуқлари таркибига кирмаслиги аниқланди. Носоз ҳолатдаги ушбу қудуққа туташ жойда алоқа қудуғи мавжуд бўлиб, бу алоқа қудуғи телекоммуникация алоқа линия стандартлари бўйича тартибга олинган”.

P/S: Ушбу хатга илова қилинган суратларда аён бўлишича, ҳақиқатан ҳам очиқ ҳолатдаги қудуққа туташ жойда яна бир қудуқ мавжуд. Демак, у Самарқанд шаҳар телекоммуникация боғламасига тегишли. Аммо “қопқоғи йўқ “қопқон” ҳалигача очиқ.

Хўп, бу қудуқ Самарқанд шаҳар телекоммуникация боғламасига тегишли эмас экан, унда пиёдалар ҳаёти учун хавфли бўлган қудуқ қайси идорага тегишли? Унинг қопқоғини топиб, ёпиб қўядиган идора топиладими? Ахир гап пиёдалар, балки шу атрофдаги болалар боғчаси тарбияланувчилари ҳаёти учун хавфнинг олдини олиш ҳақида-ку!