Қорабоғдаги зиддият: Боку Арманистон билан чeгарадош бир қатор ҳудудларни назорат остига олганини эълон қилди
Озарбайжон ҳарбийлари Арманистон билан чегарадаги бир қатор баландлик ва ҳудудларни назорат остига олди. Бу ҳақда 30 март куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги сайтидаги хабарда айтилган.
“Янги Лочин йўлининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан бир қанча устун баландликлар, асосий ва ёрдамчи йўллар, шунингдек, Лочин вилоятининг Жагазур ва Забух қишлоқлари ўртасидаги кенг чегара ҳудуди назоратга олинди”, - дея таъкидлади Озарбайжон мудофаа вазирлиги.
Озарбайжон армияси назорати остидаги ҳудудларнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.
Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазият 2022 йилнинг кузида кескинлашди. Ереван ва Боку бир-бирини эскалацияда айблашди, шунингдек, ҳар икки томондан қурбонлар ҳақида хабар берган.
Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар 1988 йилнинг февралида дарз кетди. Ўшанда Озарбайжон ССР таркибидан чиққишини эълон қилган Тоғли Қорабоғга эгалик тўғрисидаги баҳслар авж олди. 1992-1994 йиллардаги ҳарбий можаролар пайтида Боку Қорабоғ устидан назоратни йўқотди.
2020 йил сентябрида Боку ҳарбий амалиётлар давомида бир қатор аҳоли пунктларини назорат остига олди. Ўша йилнинг ноябрь ойида Арманистон ва Озарбайжон Россия Федерацияси иштирокида Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида шартнома имзолашди.
2022 йилда Тинчлик шартномасини тузишга тайёргарлик кўрилаётганига қарамай, Арманистон ва Озарбайжон мунтазам равишда бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблаб келишди. Можаронинг янги жиддий кучайиши 2022 йил сентябрида юз берди. Арманистон Хавфсизлик Кенгаши 13-14 сентябр кунлари Озарбайжон билан зиддиятнинг кескинлашуви натижасида 207 киши ҳалок бўлганини, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 80 га яқин озарбайжонлик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди.