Қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилида қандай ҳисобланади?
Хабарингиз бор, бу йил Президент фармони билан бир неча саналар дам олиш куни деб эълон қилинган. Вилоят молия бош бошқармаси юридик бўлим бошлиғи А.Нарзикулов фармонда белгиланган дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини беш иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланиши қандай амалга оширилиши ҳақда маълум берди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилдаги “2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги 35-сон Фармони ижроси бўйича 2022 йилда белгиланган дам олиш кунлари ҳисобидан бюджет ташкилотлари ходимларнинг меҳнат таътили, Фармоннинг 1-банди “а” кичик банди бўйича 2022 йилда иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, қўшимча дам олиш кунлари этиб белгиланган саналар:
3 январь – душанба;
22 март – сешанба;
23 март – чоршанба;
11 июль – душанба;
2 сентябрь – жума.
Мазкур Дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини беш иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади. Бунда ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, яъни таътил учун ҳақ тўлиқ иш кунларига тўланади ва унга юқорида белгиланган қўшимча дам олиш кунлари қўшилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 17 мартда 2985-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома"нинг 1-бандида йўриқноманинг талаблари бюджет ташкилотлари ходимларига нисбатан қўлланилиши мажбурийлиги, ҳарбий хизматчилар бундан мустасно эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Бюджет ташкилотлари ҳисобланмаган ташкилотларнинг ходимлари учун йўриқноманинг талаблари тавсиявий хусусиятга эга дейилган.
Шунда 2022 йилда ходимнинг меҳнат таътилининг биринчи куни:
➖5 январдан 21 мартгача бўлган даврга тўғри келса ходимларнинг меҳнат таътили муддати — 1 иш кунига;
➖21 мартдан 11 июлгача бўлган даврга тўғри келса ходимларнинг меҳнат таътили муддати — 3 иш кунига;
➖11 июлдан 2 сентябргача бўлган даврга тўғри келса ходимларнинг меҳнат таътили муддати — 4 иш кунига;
➖2 сентябрдан 2022 йилнинг охиригача бўлган даврга тўғри келса ходимларнинг меҳнат таътили муддати — 5 иш кунига камаяди.
Мазкур йўриқноманинг 13-бандига кўра, Фармонга мувофиқ қонунчилик ҳужжатларида ёхуд жамоа ёки меҳнат шартномаларида белгиланган ходимлар меҳнат таътилининг (шу жумладан, ҳар йилги қўшимча таътилнинг) муддати:
➖ 18 иш кунини ташкил этса — уч иш кунига;
➖ 17 иш кунини ташкил этса — икки иш кунига;
➖ 16 иш кунини ташкил этса — бир иш кунига камайтирилади.
Йўриқноманинг 2-бандида йўриқнома талаблари ижтимоий таътилларга (ҳомиладорлик ва туғиш, болаларни парваришлаш, ўқиш билан боғлиқ ва ижодий таътилларга), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 135-моддаси биринчи қисмига мувофиқ,
➖ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга
➖ ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига
йиллик узайтириладиган асосий таътилларга нисбатан татбиқ этилмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.
Албатта бир муҳим қоидани унутмаслик керакки, ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги тегишли иш кунига қисқартириш ҳисобга олинган ҳолда ходимнинг меҳнат таътили ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.