Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчига қай тартибда ва қанча меҳнат таътили ҳисобланади?

- Мактаблардаги таъмирлаш ишларида ота-оналар ёрдам бермоқда. Шифохоналарда эса тиббиёт ходимлари мажбурликдан керакли дори-дармон ва совун кукунларни беморлардан сўрайди. Бунинг учун бюджетдан маблағ ажратилмайдими?

С.Очилов, 

Самарқанд шаҳри. 

- Мактабларни жорий таъмирлаш харажатлари учун жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 24,5 миллиард сўм, тежамкор лампалар, супурги, қоғоз учун 5,4 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Шифохоналарга дори-дармон учун жами 85,1 миллиард сўм, кир ювиш харажатлари, совун ва бошқа тозаловчи воситалар учун 777,5 миллион сўм маблағ ажратилган.

* * *

- 14 ёшгача болали оилаларнинг барчасига нафақа тўланадими? 

И.Абдуллаев, 

Тойлоқ тумани. 

- 14 ёшгача болали оилаларга нафақа Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тайинланади ва тўланади.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2020 йил  3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан март-июнь ойларида муддати тугайдиган 14 ёшгача ва 2 ёшгача нафақа ҳамда моддий ёрдам олувчиларнинг тўлов муддатлари ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмаган ҳолда 6 ойга узайтирилди.

* * *

- 1,9 миллион сўм ойлик олаётган ўқитувчига қанча меҳнат таътили ҳисобланади?

С.Тоғаева,

Паст Дарғом тумани.  

- Меҳнат таътилларини ҳисоблашда базавий ҳисоблаш миқдори ўртача иш ҳақи миқдоридан олинади. Умумтаълим муассасаларида ўртача иш ҳақи миқдорини 24,5 га бўлиш билан ўртача кунлик иш ҳақи миқдори ҳисобланади. Яъни, агар ўртача иш ҳақи 1 900 000 сўм бўлганда, кунлик иш ҳақи (1 900 000 / 25,4 ) 74 803 сўм. Ўқитувчиларнинг таътил кунлари 48 кун қилиб белгиланганлигини ҳисобга олсак, 74 803 х 48 = 3 590 551 сўм меҳнат таътили белгиланади. 

Саволларга вилоят молия бош бошқармаси ахборот хизмати мутахассислари томонидан жавоб берилди.