Йиллик меҳнат таътиллари қай тартибда ҳисобланмоқда?
Жорий йилнинг 30 апрелидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси амалиётга жорий қилинди. Мазкур кодекснинг 14-боб, 216-235-моддаларида «Ҳар йилги меҳнат таътили» бўйича нормалар белгиланган.
Унга кўра, ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир. Унинг турлари қуйидагилардан иборат:
- асосий меҳнат таътили (ҳар йилги асосий энг кам ёки ҳар йилги асосий узайтирилган);
- қўшимча меҳнат таътили.
Ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил этади. Бу муддатдан кам таътил берилиши меҳнат қонунчилиги талабини бузиш ҳисобланади.
Ҳар йилги асосий узайтирилган таътил
Бундан ташқари, Кодексда ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар муддатлари белгиланган бўлиб, унга кўра:
- ёши ва соғлиғининг ҳолати ҳисобга олинган ҳолда ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади:
- 18 ёшгача бўлган шахсларга - 30 календарь кун;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга – 30 календарь кун.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги 27 календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади, бундан давлат ходимларининг айрим тоифалари учун қонунда ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг узоқроқ давомийлиги белгиланган ҳоллар мустасно.
Ҳар йилги қўшимча таътиллар:
- Меҳнат кодекси бўйича қуйидаги ҳолларда ҳар йилги қўшимча таътиллар:
меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга;
- ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга;
- битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
- қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек, жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилади.
Меҳнат кодексининг 220-моддасига асосан, ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар 5 йил учун давомийлиги 2 календарь кун бўлган, бироқ жами 8 календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.
Мисол учун, ходимнинг ушбу ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар 5 йил иш стажига 2 календарь кун, 10 йил иш стажига 4 календарь кун, 15 йил стажига 6 календарь кун, 20 йил ва ундан ортиқ ишлаган иш стажига 8 календарь кун ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.
Қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек, жамоа шартномасида, бошқа ички ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида ушбу 220-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига бошқа иш берувчидаги ёхуд бошқа тармоқдаги иш стажини киритиш назарда тутилиши мумкин.
Таътиллар давомийлигини ҳисоблаб чиқариш:
Амалдаги Меҳнат кодексида таътил муддатларини календарь кунларда ҳисобланиши белгиланди. Эски Меҳнат кодексида таътил муддатлари иш кунида ҳисобланарди, бунда ҳафтанинг якшанба куни таътил муддатини ҳисоблашда инобатга олинмас эди. Яъни, энди ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади.
Ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди.
Барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг давомийлиги бир иш йили учун 56 календарь кундан ошиб кетиши мумкин эмас.
Ишнинг биринчи йили учун ҳар йилги меҳнат таътили қуйидаги тоифадаги ходимларга ишлаб берилган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўланган ҳолда тўлиқ давомийликда берилади:
- ҳар йилги меҳнат таътили ўқувчиларнинг ёзги таътили даврида бериладиган таълим ташкилотларининг ўқитувчилар таркибига ва услубиётчиларига. Ушбу тоифадаги ходимларнинг иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътилига тўлиқ ҳажмда ҳақ тўланади;
- биринчи иш йилида олти ойдан кам ишлаган ўриндошларга - асосий иши бўйича ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда меҳнат таътили берилганда.
Меҳнат таътилини ҳисоблашда ходимнинг иш йили
Иш берувчилар томонидан ходимларга йиллик меҳнат таътили бериш учун иш йилини ҳисоблашда хатога йўл қўйиш холатлари кўп кузатилмоқда.
Иш йили деганда ходимнинг муайян иш берувчида ўн икки ойга тенг бўлган ва ҳақиқатда иш бошланган санадан эътиборан ҳисоблаб чиқариладиган иш даври тушунилади. Мисол учун, ходим 2015 йил 4 августдан ишга қабул қилинган бўлса, ушбу ходимнинг 2023 йилдаги меҳнат таътили учун иш йили 04.08.2022 йилдан 04.08.2023 йилгача деб ҳисобга олинади.
Таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи
Амалдаги Меҳнат кодексининг 226-моддасида ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқариш тартиби белгиланган.
Ҳар йилги асосий меҳнат таътилини ва битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи жумласига қуйидагилар киради:
- иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт;
- ходим ҳақиқатда ишламаган, лекин меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ унинг иш ўрни (лавозими) сақланган вақт, шу жумладан, ҳар йилги меҳнат таътили вақти, дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа даврлари;
- меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганда, ходим бошқа ишга ўтказилганда ёки у ишдан четлаштирилганда ва келгусида ходим аввалги ишига тикланганда мажбурий прогул вақти;
- агар тиббий кўрикдан ўтмаслик ёки меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида билим ва кўникмалар текширувидан ўтмаслик ходимнинг айбисиз юз берган бўлса, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ўтмаган ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаган ходим ишдан четлаштирилган давр;
- агар хизмат текшируви натижаларига кўра, меҳнат мажбуриятларининг бузилишидаги ходимнинг айби тасдиқланмаса ёхуд меҳнат мажбуриятларини бузиш фактининг ўзи тасдиқланмаса, ушбу хизмат текширувини ўтказиш вақтида ходим ишдан четлаштирилган давр;
- ходимнинг илтимосига кўра бериладиган, иш йили давомида икки ҳафтадан ошмайдиган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар вақти;
- жамоа келишувларида, шунингдек, жамоа шартномасида ва ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа вақт даврлари.
Ҳар йилги асосий меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи жумласига қуйидагилар киритилмайди:
- ходим узрли сабабларсиз ишда бўлмаган вақт;
- ходим ишдан четлаштирилган даврлар, бундан ушбу 226-модда биринчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
- болани парваришлаш учун бериладиган таътиллар вақти.
Шунингдек, айрим ҳолларда иш берувчи томонидан ходимнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътилларида, меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган вақти йиллик меҳнат таътилларини ҳисоблашда инобатга олинмаслиги кузатилмоқда, ушбу ҳолат меҳнат қонунчилик ҳужжатларини бузиш ҳисобланади.
Узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш
Ходимлар қуйидаги ҳолларда ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга:
- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
- ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланганда;
- ҳар йилги меҳнат таътили ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;
- давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажараётганда, агар қонунчиликда бундай мажбуриятларни бажариш учун ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса;
- жамоа келишувларида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Ходим ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган, юзага келган сабаблар тўғрисида иш берувчини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак.
Ишлаб чиқариш хусусиятига эга сабабларга кўра жорий йилда ҳар йилги меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн тўрт календарь кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин бўлиб, ушбу йил давомида ундан фойдаланилиши шарт.
Дарвоқе, ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ходимга ҳақ тўлаш жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда, бироқ таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
Ходимларга иш даврида уларнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили учун таътилнинг ушбу Кодекснинг 217-моддасида белгиланган энг кам давомийлигидан ташқари пулли компенсация тўланиши мумкин.
Маъмур ЖУМАНОВ,
Ургут тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи, 2-даражали юрист.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.